
Ўзбек ва араб халқлари узоқ даврлардан буён маданий ва дипломатик муносабатларни амалга ошириб келади. Халқларимизни диний эътиқод, муштарак урф-одатлар бирлаштириб туради. Бу яқинлик мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликка асос бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга расмий ташриф буюрди.
Мамлакатимиз раҳбари Саудия Арабистон расмий доиралар томонидан жуда катта эътибор билан юксак даражадаги меҳмон сифатида кутиб олинди.
Ташриф Ислом дунёсининг энг муқаддас қадамжоларидан бири сифатида эъзозланадиган Мадина шаҳрида жойлашган муқаддас Масжидун Набавийни зиёрат қилишдан бошланди. Шу билан бирга давлатимиз раҳбари Ислом цивилизацияси билан боғлиқ кўплаб муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди. Шундан сўнг Ўзбекистон делегацияси учун расмий қабул маросими ташкил этилди.
Ушбу қабул маросимидан кўришимиз мумкинки Арабистон Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг катта ҳамкори сифатида қарайди.
Мазкур тарихий ташрифни биз ўз ўрнида Ўзбекистон ташқи сиёсатида яхши дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишининг ифодаси сифатида эътироф этишимиз мумкин.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони раҳбарларининг учрашуви томонларнинг ўзаро манфаатли ва фаол мулоқотнинг мантиқий давомидир.
Мамлакатларимиз халқаро майдонда ҳам, ўзаро алоқаларда ҳам бир-бирини қўллаб қувватлайди. Бугунги музокаралар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун яхши имкониятдир.
Олий даражадаги музокаралар қарашлар ва интилишларнинг муштараклигини намоён этди. Саудияда “Нигоҳ - 2030” Давлат дастури муваффақиятли амалга оширилаётгани юксак баҳоланди. Мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларини трансформация қилишга қаратилган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг мақсад ва вазифалари ушбу дастурга ҳамоҳангдир. Давлатларимизда рақамли ва “яшил” иқтисодиёт тамойилларини жорий қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
Мазкур учрашувларякунида энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишув ва шартномалар имзоланди.
Икки давлар раҳбарларининг мазкур учрашуви Ўзбекистоннинг ташқи дунё билан мулоқотидаги яна бир ютуқ ҳисобланади. Бундан ташқари Ўзбекистон энергетика соҳасини ривожлантириш учун яна бир катта имкониятлар эшигини очади. Шу билан бирга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган товарларни экспорт қилишда Яқин шарқ минтақасида яна бир катта бозорни вужудга келишига туртки беради. Умуман олганда мазкур учрашувлар икки давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг янги ўзанига қайтмоқда ва бу жараён халқларимиз ўзаро алоқалари ривожланишига олиб келади.
Ўзбекистон Республикаси Олий
Мажлиси Сенати аъзоси, сенатор
А.САНГИНОВ