Миллий гвардия Қўриқлаш бўлинмалари сифат жиҳатдан
такомиллашмоқда
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бўлинмалари – мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда моддий-товар бойликларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлашда энг самарали тизимлардан бири саналади. Соҳада замонавий ёндашувлар асосида хизматни ташкиллаштириш, янги инновацион технологияларни амалиётга кенг тадбиқ этиш орқали, қўриқлаш хизматини тубдан такомиллаштириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг талаб ва таклифлари ўрганилиб, уларга қулай ва сифатли хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бугунги кунда барча соҳаларда бўлгани каби Миллий гвардия Қўриқлаш бўлинмаларида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 февраль кунидаги “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4997-сонли Қарори ҳам тизимнинг янада ривожланишига, хизмат кўрсатишнинг янги механизмларини тадбиқ этишга хизмат қилди.
Қарорга асосан, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш хизмати Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси этиб қайта ташкил этилди. Объектларни қўриқлаш тизими «Юқори сифат ва қулай нарх» тамойили асосида босқичма-босқич такомиллаштириш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармасида ҳам Қарор ижроси доираси қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган ушбу Қарор, замонавий қўриқлаш технологияларини кенг жорий этиш орқали қўриқлаш хизматининг қамровини янада кенгайтириш, ходимларнинг касбий маҳорати, билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, соҳада бошқарув фаолияти самарадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлди.
Қўриқлаш бўлинмаларининг Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимлари янги мавсумий кийим-бош, махсус ҳимоя воситалари, электрошокер қурилмалари билан таъминланиб, уларнинг жанговар шайлиги янада оширилди. Ҳуқуқбузарни зудлик билан қўлга олиш, объектларни ишончли қўриқлаш мақсадида, бўлинмаларда хизмат отлари ва итларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилди.
Кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш, ўзгалар мулкига дахл қилиш, ўғирлик ва талончилик каби жиноятларнинг олдини олиш бўйича соҳа ходимлари жойларда, маҳаллаларда, таълим муассасаларида, аҳоли ўртасида тарғибот тадбирларини ўтказиб келмоқда. Учрашувлар давомида фуқароларга “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз хонадон” концепсиясининг аҳамияти, мол-мулк даҳлсизлигини таъминлашда қўриқлаш бўлинмаларининг афзалликлари хусусида батафсил маълумотлар берилмоқда. Хонадонини қўриқловга топшириш истагини билдирган фуқароларга қўриқловга олишнинг тартиблари, шартнома асосида қўриқланиши, сигнализация воситалари бепул ўрнатилган ҳолда хизмат кўрсатилиши ҳақида тушунчалар берилаётир.
Албатта, соҳада амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар юртдошларимизнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мунис Норматов
Узун тумани Қўриқлаш бўлими бошлиғи