Узун тумани ҳокимлиги
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимиз ҳаёти учун ғоят муҳим масала - давлат хизматини ислоҳ қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

“Бугунги мавзу 30 йилдан бери кейинга сурилиб келаётган масалалар ечимига қаратилган.

Гап 35 миллион аҳолимизнинг ҳаётини енгил қиладиган, кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган – давлат хизматини ислоҳ қилиш ҳамда бошқарувда натижадорлик ва сифатни ошириш ҳақида бораяпти”, деди давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида. 

Таъкидланганидек, бу соҳада 118 минг киши меҳнат қилмоқда. Сўнгги йилларда давлат хизматчилари халққа анча яқинлашди, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Ходимларга самарали ишлашлари учун муносиб шароитлар яратилди.

Натижада, давлат хизматида 40 ёшгача бўлган ходимлар улуши 61 фоизга етди (илгари 37 фоиз бўлган).

“Лекин, ҳали давлат хизмати чинакам халқни рози қиладиган тизимга айлангани йўқ”, деди Президент.

Мисол учун, ўтган йили Халқ қабулхоналарига вазирлик ва ҳокимликлар ходимларининг билимсизлиги ва масъулиятсизлиги ҳақида 25 мингта, уларнинг мулоқот маданияти етишмаслиги билан боғлиқ 7 мингта шикоят келиб тушди.

Энг кўп шикоятлар Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари фаолияти билан боғлиқ.

Қобилиятни аниқлаш, ўқитиш, ишини яхши йўлга қўйишга ўргатадиган яхлит тизим бўлмагани учун, айрим раҳбар кадрлар берилган вазифаларни эплай олмаётгани кўрсатиб ўтилди. 

Мисол учун, ўтган 6 ойда билим ва кўникмалари етишмагани боис, 37 нафар туман ва шаҳар ҳокимлари алмаштирилди. 

Умуман, масъул лавозимларда ўтирган раҳбарларни танлаш, тайёрлаш ва мотивация бериш йўлга қўйилмагани ижродаги оқсоқликларнинг асосий сабабларидан бири бўлмоқда.

Шу боис, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиб, сўнгги 2 йил давомида чуқур муҳокамалар асосида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун тайёрланди.

Йиғилишда ушбу Қонун билан белгиланаётган янги тизимнинг ҳар бир идора ва ҳудуд кесимида қандай ишлаши, бу борада турган устувор вазифалар муҳокама қилинди. 

Биринчи йўналиш – давлат идораларига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизими жорий этилади. 

Сўровларда иштирок этган 50 минг аҳолининг 19 минг нафари (ёки 38 фоизи) давлат тизимига ишга киришда шаффофликни ошириш лозим, деган фикрни билдирган.

Шу муносабат билан йил якунигача:

- барча вакант лавозимлар очиқ ягона электрон платформага жойлаштирилади;

- бўш лавозимга танловда иштирок этиш учун ҳозирги кунда талаб этилаётган 16 та ҳужжат сўралмайди, барча жараёнлар электрон шаклга ўтказилади;

  • очиқ танлов орқали номзоднинг билими, тажрибаси ва салоҳияти аниқланади.
  • Ушбу тизим тажриба тариқасида Самарқанд вилояти ва Давлат солиқ қўмитасида синовдан ўтказилди.

    Самарқанд вилояти ҳокими ва ДСҚ раиси янги тизим орқали қандай натижаларга эришгани ҳақида ахборот берди.

    Уларнинг ҳисоботини тинглаб, давлатимиз раҳбари йил якунигача ишга қабул қилишнинг очиқ танлов тизимини барча идораларда жорий қилиш топшириғини берди. 

    Бунинг учун, икки ой муддатда олийгоҳлар дипломлари ва меҳнат дафтарчаларини мавжуд электрон базага тўлиқ киритиб, уни Танлов электрон платформасига интеграция қилиш вазифаси қўйилди.

    Йил якунига қадар 4 мингта бўш лавозимга танлов ўтказиш топширилди.

    “Ҳар бир вазирлик ва ҳокимлик кадрлар танлашни олийгоҳлардан бошлаши зарур.

    Бу тажрибани тизимли йўлга қўйиш учун ҳар бир вазир ва вилоят ҳокими бир ой муддатда Ёш мутахассисларни танлаш дастурини эълон қилади.

    Дастур доирасида олийгоҳларнинг битирувчи курсларида ўқиётган қобилиятли ёшлар сараланиб, вазирлик ва ҳокимлик тизимида стажировка ўтайди ва ўқишни тамомлагач, танлов асосида ишга қабул қилинади.

    Бунда, нафақат ўзимиздаги олийгоҳ талабалари, балки нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқиётган ёшларимиз ҳам қамраб олинади”, деди Президент.

Президент давлат идораларида “маҳалладан – республикагача” тамойили асосида кадрларни ўстириш тизими жорий қилинишини таъкидлади.

“Биз давлат хизматини маҳаллага тушириш бўйича катта ислоҳотларни бошладик. Ҳар бир маҳаллада – раис, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлардан иборат яхлит тизим яратилди.

Бундан буён, раҳбарлик лавозимларига номзодлар маҳаллада одамлар билан ишлаган, уларнинг муаммосини ўз кўзи билан кўриб, ҳал қилган кадрлар орасидан танлаб олинади”, деди давлатимиз раҳбари.

Шунинг учун, 1 ноябрдан:

- эски намунадаги “объективка”дан воз кечилиб, илғор IT-технологиялар асосида ходимнинг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини баҳолайдиган тизимга ўтилади;

- ходимни баҳолашда қайси олийгоҳни битиргани ёки қаерда ишлагани эмас, қандай билим-тажрибага эгалиги ва кўрсатган натижалари асосий мезон бўлиши шарт. 

"Оддий қилиб айтганда, раҳбарликка таcодифан келиб қолишнинг олди олинади", деди Президент.

Туман ёки шаҳар даражасидаги раҳбарлик учун Салоҳиятли кадрлар резерви тузилади:

- унга номзодлар фақат маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари орасидан танлаб олинади;

- улар учун мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади;

- ушбу ёшлар камида бир ой вазирлик ва ҳокимликларда иш ўрганиб, малака оширади;

- хорижий мутахассислар билан бирга, уларнинг шахсий фазилатлари, психологик ҳолати таҳлил қилиниб, раҳбарлик кўникмалари шакллантирилади.

“Яъни, компетенциясига қараб, билим ва кўникма етмаганларни ўқитамиз, тажриба етишмаса ўргатамиз”, деди Президент. 

Мутасаддиларга йил якунига қадар Салоҳиятли кадрлар резерви учун ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари орасидан 1 минг нафар номзодни танлаб, таклифлар киритиш топширилди. 

“Куни кеча ярим йил якуни бўйича яхши натижа кўрсатган 65 нафар ҳоким ёрдамчиси ва 40 нафар ёшлар етакчиларини Салоҳиятли кадрлар резервига ўзим танлаб олдим”, деди Президент.

Уч ой муддатда “100 та илғор етакчилар” дастурини бошлаш вазифаси қўйилди. Дастур доирасида давлат хизматчилари, фаол тадбиркорлар, хориждаги ватандошлар орасидан ҳар икки йилда 100 нафар салоҳиятли ёш кадрлар танлаб олинади. 

Улар учун алоҳида ўқув дастурлари ишлаб чиқилиб, хорижда стажировка ўташ тизими жорий этилади. Ўқитиш якуни билан ушбу кадрлар давлат тизимидаги нуфузли лавозимларга номзод бўлади.

Бундай дастур Бирлашган Араб Амирликларида ижобий натижаларини кўрсатгани таъкидланди.

Навбатдаги йўналиш – барча вазирликлар иш услубини ўзгартириб, одамларга хизмат сифатини ошириши керак. 

Бу борада лицензия бериш, олийгоҳларга ҳужжат топшириш, кадастр ҳужжати, туғилганлик гувоҳномаси ва хорижга чиқиш паспортини олиш, тўлов тизимлари бўйича аҳолига қулайликлар яратилди. 

Лекин, ҳали кўп соҳаларда қулайликлар яратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, субсидиялар учун аҳоли ва тадбиркорлар ўртача 10 та вазирлик ва идорадан хулоса олиши керак. Электр тармоқларига уланишда ҳам ортиқча харажат ва бюрократия кўп. Тиббиётда қайси хизмат бепул ёки пулли бўлиши, давлатдан бериладиган дориларнинг ҳисоб-китоби ва эгасига етиб бориши, кўп туманларда ҳали ечимини топгани йўқ. Қурилиш, транспорт, коммунал хўжалиги, стандарт, карантин идораларида ҳам аҳоли ва тадбиркорларнинг иши битиши қийин бўлган жараёнлар жуда кўплиги кўрсатиб ўтилди.

Шунинг учун, Бош вазир олдига бир ой муддатда:

- ҳар бир вазирлик ва ҳокимликда аҳоли ва тадбиркорларга хизмат кўрсатиш жараёнларини тушунарли ва қулай шаклга келтириш;

- ортиқча харажатлар ва ҳужжатларни қисқартириш;

- аҳолига тез ва сифатли хизмат кўрсатадиган шароитларни яратиш бўйича “йўл харитаси” ижросини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Бунда бирдан-бир мезон – одамлар розилигига эришиш экани қайд этилди.

Маҳаллада боғча, мактаб, йўл қуриш, сув ва электр тармоқларини тортиб келиш ишларида аҳоли фаол иштирок этадиган тизимлар яратилди.

“Очиқ бюджет” доирасида ўтган 6 ойда аҳоли талабига мос 2 мингдан зиёд ана шундай лойиҳалар бошланди. Уларга 1,1 триллион сўм йўналтирилди. Кейинги олти ойда бундай лойиҳалар учун яна 1 триллион сўм ажратиш мўлжалланган.

Энг муҳими, одамлар бундай лойиҳаларга ўзларини дахлдор билиб, бунёд қилинган инфратузилмадан асраб-авайлаб фойдаланаяпти, деди Президент.

Мутасаддиларга аҳоли билан бамаслаҳат қилинадиган лойиҳалар кўламини кенгайтириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.

Йиғилишда давлат хизматчиларига талаб қўйиш билан бирга, улар фаолиятининг кафолатлари ҳам кучайтирилиши таъкидланди.

Иқтисодиётда хусусий сектор ўсиб бораётгани сари, малакали кадрларга талаб ошиб бормоқда. Бу рақобатли бозорда давлат хизмати ҳам жозибадор бўлиши керак.

“Битта мутахассисни тайёрлаш учун қанча-қанча вақт, меҳнат ва маблағ талаб этилади. Қолаверса, давлат хизматчиси ҳам чекланган ресурс эканини унутмаслик керак”, деди Президент.

Шу боис, ходимнинг тажрибаси, малакаси ва эришган натижасига қараб рағбатлантириш тизими жорий қилиниши кўриб чиқилади.

Бешинчи йўналиш – давлат хизматчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича мутлақо янги тизим йўлга қўйилади.

“Ҳозирги тез ўзгараётган дунёда ҳар куни янги муаммолар ва масалалар келиб чиқмоқда. Шундай экан, ҳар бир мутахассис ўз устида ишлаб, янги билимларни эгаллаб бориши керак”, деди Президент.

Шу пайтгача давлат хизматчиларининг атиги 20 фоизи малака оширган, бу – раҳбарлар кесимида 1 фоизга, ўринбосарлар бўйича эса 5 фоизга ҳам етмагани кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, малака оширганларнинг 50 фоиздан ортиғи ўқитиш сифатидан норози.

Бу борада таянч муассаса бўлган Давлат бошқаруви академияси энг илғор хорижий тажрибалар асосида трансформация қилинади.

Йиғилишда Президент маслаҳатчиси Сума Чакрабарти видеоалоқа орқали бу борадаги таклифларини баён қилди.

Мутасаддиларга бир ой муддатда:

- хорижий ҳамкорлар ва нуфузли ўқув марказлари билан бирга қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш;

- хорижий мутахассисларни жалб қилиб, янги ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва йил якунига қадар 5 минг нафар давлат хизматчисини ўқитиш топширилди.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда вазирликлар тизимидаги 110 та малака ошириш маркази фаолиятини қайта кўриб чиқиб, ўқитиш дастурлари ва методикаларини янгилаш, уларга малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича манзилли дастурни тасдиқлайди.

“Бугун муҳокама қилинган масалалар ислоҳотларимизнинг натижадорлигини ошириш учун муҳим омил ҳисобланади”, деди Президент.

Администрация раҳбарига йил якунига қадар ихчам, профессионал, адолатли, натижага ишлайдиган бошқарув тизимини жорий қилиш бўйича маъмурий ислоҳотларни якунига етказиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга янги ташкил қилинган Назорат инспекцияси фаолиятини йўлга қўйиб, Президент қарорлари ва топшириқлари ижросини қатъий таъминлаш вазифаси қўйилди.

Йиғилиш якунида мутасаддилар ва ҳудудлар раҳбарлари ҳисобот берди.

 

 

 

 

Узун тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

 

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди..

Президент раислигида қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
“Нима учун ушбу йиғилишни ўзим ўтказаяпман? “Инсон қадрини улуғлаш” йилида ҳар бир фуқаромизнинг хонадонида яхши яшашига шароит яратишимиз зарур.
Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Бир йилда Ўзбекистонда 10 миллиард долларлик электр ва газ истеъмол қилинади.
Агар бунинг 10 фоизини иқтисод қилишни ўргансак, бу 1 миллиард долларни бошқа эҳтиёжлар учун сарфлашимиз мумкин.
Ҳоким ва вазирдан тортиб, маҳалла раисигача барча даражадаги раҳбарлар бу масаланинг қанчалик муҳимлигини тушунаяптими, бу борада ўзининг масъулиятини ҳис қилаяптими, деган саволлар мени жуда қийнайди.
Қайси вазир ёки унинг ўринбосари ҳисоб-китоб қилиб, энергия сарфини қисқартириш бўйича ташаббус кўрсатди? Улар ўзи нима учун ойлик олаяпти?”, деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.

Йиғилишда сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида аҳолининг электр таъминотидаги узилишлар анча қисқаргани қайд этилди.

Лекин, куз-қиш мавсумида аҳолининг газга бўлган эҳтиёжи кескин ошиши сабабли барча юклама электр тармоқларига тушмоқда.

Ҳозирги кунда аҳолининг камида 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаби мавжуд. Келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж яна 10 миллиард киловатт соатга ошади.

Бундай вазиятда энг самарали йўл – муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтириш.

Бу борада 2019 йилда алоҳида жамғарма ташкил қилиниб, аҳолига бюджетдан субсидия бериш тизими жорий этилди.

Лекин бирорта вилоят, туман ва шаҳар ҳокимида ёки вазирда ўз тизимидаги ташкилотларда энергия истеъмоли, уни тежаш, муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш бўйича ҳисоб-китоб йўқлиги, улар жорий қилинган субсидия ва компенсациядан ўз тармоғи ёки ҳудудида фойдаланиш бўйича жон куйдирмагани танқид қилинди.

Президент ушбу масала умуммиллий аҳамиятга эгалигини қайд этиб, муқобил энергия ускунасини ўрнатган аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилишини таъкидлади.

Бунда, аҳоли ва тадбиркорларга:

- ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускуналари учун қувватига қараб 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади;

- ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

Ушбу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилиши белгиланди.

Муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш истагида бўлган аҳоли ва тадбиркорлар бу имкониятлардан фойдаланиши учун бирон-бир идорага боришга мажбур бўлмайди. Барча ҳужжатлар ускуна харид қилинадиган жойнинг ўзида ҳал бўлади.

Бунинг учун:

- жамғарма маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда ҳудудлардаги сотувчилар билан ҳамкорлик шартномаларини тузади;

- ишлаб чиқарувчиларнинг аҳоли ва тадбиркорларга ускуналарни бўлиб-бўлиб тўлашга бериш харажатлари жамғарма томонидан қоплаб берилади;

- жамғармага 100 млрд сўм ажратилади, ишлатишига қараб йил якунига қадар яна 100 млрд сўм берилади;

- жамғарманинг электрон портали ишга туширилиб, барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади.

Мутасаддиларга тизимни 1 сентябрдан амалиётга жорий қилиш топширилди.

Вилоят ҳокимлари олдига жорий йилда “дафтарлар”га кирган камида 5 мингта оилани, келгуси йилда яна 10 мингтасини сув иситиш қурилмаси билан таъминлаш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда тизимни “Янги Ўзбекистон” массивларида қурилаётган 620 та кўп қаватли уй-жойларда жорий этиш масаласига тўхталиб ўтилди.

Масалан, Китоб тумани “Янгиобод” массивидаги жами 96 та хонадонга эга 4 та кўп қаватли уйда қуёш панелларини ўрнатиш ҳисобига йилига 100 минг киловатт соат электр энергияси иқтисод қилинмоқда.

Бу тажрибани Навоийда барпо этиладиган 2 та “Янги Ўзбекистон” массивида жами 620 та хонадонли 26 та кўп қаватли уйлар, 8 та боғча, мактаб ва поликлиникада жорий қилиш режалаштирилган.

Уларда қуёш сув иситиш тизимлари ҳисобига 4 миллион киловатт соат электр иқтисод қилиш мумкин. Бу – йилига 2 миллиард сўм дегани.

Вилоят ҳокимларига “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида кўчаларни ёритиш учун фақат муқобил энергия ускуналари ўрнатишни назарда тутиш топширилди.

Йиғилишда ижтимоий соҳа объектларида ҳам босқичма-босқич муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга келгуси йил Инвестиция дастури маблағларининг камида 15 фоизини шундай қурилмаларни ўрнатишга йўналтириш топширилди.

Бунда, йил якунига қадар 2 107 та боғчада, 1 минг мактабда, 1 071 та оилавий шифокор пункти, поликлиника ва шифохоналарда, 1 минг маҳаллада ташкил этилаётган янги тиббиёт пунктларида, 200 та санаторий ва бошқа дам олиш масканларида қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмалари ўрнатилади.

Шу билан бирга, 2023 йилдан:

- савдо-кўнгилочар комплекслар, маданият ва истироҳат боғлари, ресторанлар, меҳмонхоналар;

- супермаркетлар, дўконлар, бозорлар, савдо омборлари;

- автомобилларга газ ва ёқилғи қуйиш станциялари;

аэропорт, темир йўл ва автобус вокзаллари;хусусий таълим ва тиббиёт ташкилотлари;тижорат банклари ва уларнинг филиаллари камида 25 фоиз иссиқ сув истеъмоли ва ташқи ёритишни муқобил энергия ҳисобидан қоплаш талаби киритилади.

Менделеев номидаги кимё-технология университетида 100 киловатт қувватли қуёш электр ускунаси ўрнатилиб, йилига 200 минг киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда, 36 та сув иситиш қурилмасини ўрнатиш ҳисобига йилига 4,2 миллион киловатт соат ёки қарийб 2 миллиард сўмлик электр энергияси тежалмоқда.

Олий таълим вазирлигига ушбу тажрибани барча олийгоҳларда 2022 йилнинг ўзида жорий қилиш топширилди.

Президент вазирлик ва идора, ҳокимлик, маҳалла биноларини ҳам муқобил энергияга ўтказиш вақти келганини таъкидлади. Вазирлик ва идораларда электр ва иссиқлик энергияси харажатларини камида 25 фоизга қисқартириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Молия вазирлиги:

- давлат идораларида энергия ресурслари истеъмоли бўйича нормативларни ишлаб чиқади;

- йил якуни билан харажатларни камайтирмаган раҳбарларга нисбатан чора кўриш бўйича таклиф киритади;

хорижий консультантларни жалб қилиб, барча иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий объектларда Энергия тежамкорлик миллий дастурини ишлаб чиқади.

Йиғилишда шулар билан бирга:

- барча вилоят, туман (шаҳар) ички ишлар бошқарма ва бўлимларида ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида;

- барча туман солиқ инспекциялари ва вилоят солиқ бошқармаларида;

- барча вилоят, туман ва шаҳар прокуратуралари, Бош прокуратура Департаменти ва Мажбурий ижронинг бошқарма ва бўлимларида;

- барча вилоят, туман ва шаҳар адлия идоралари, давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ бўлимларида;

- барча вилоят, шаҳар ва туман молия, ғазна, пенсия идоралари, суғурта ташкилотларида;

- камида 1 мингта маҳалла идораси биноларида муқобил энергия қурилмаларини ўрнатиш вазифаси қўйилди.

Бугунги йиғилишда белгилаб берилган чора-тадбирлар ҳисобига жорий йилнинг ўзида муқобил энергия манбалари қурилмаларининг қўшимча 1 триллион сўмлик бозори яратилади.

Шу муносабат билан ҳар бир вилоятда камида 1 тадан шундай қурилмаларни ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда ҳудудларда микро ва кичик ГЭСлар қуриш учун майдонлар белгиланиб, жами 56 мегаваттли 200 та лойиҳа ишлаб чиқилгани таъкидланди (йилига 180 минг киловатт соат электр ишлаб чиқарилади). Бунда:

- 500 киловаттгача бўлган ГЭСларда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг бошланғич харид нархи тадбиркорлар учун жозибадор тарифларда белгиланади;

- лойиҳа учун ер участкаси аукцион ғолибига узоқ муддатли ижарага берилади.

Шу билан бирга, 1 мегаваттгача қуёш ва шамол, 5 мегаваттгача микроГЭСларнинг ортиқча электр энергияси камида 10 йил давомида давлат томонидан кафолатли харид қилинади.

Йил якунига қадар Андижон вилоятида 15 та, Наманганда 10 та, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида 6 тадан, Самарқанд, Сирдарёда 2 тадан, Бухоро, Жиззах, Фарғонада 1 тадан лойиҳани бошлашга кўрсатма берилди.

Умуман, мамлакатимиз гидроэнергетика салоҳиятини ҳисоб-китоб қилиб, хусусий шериклик лойиҳаларини бошлаш топширилди.

Йиғилиш якунида мутасаддилар белгилаб берилган вазифалар бўйича ахборот берди.

Президент раислигида хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар, йил якунига қадар режалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш

2022 йилда хизматлар соҳасида 120 мингдан ортиқ янги лойиҳани ишга тушириш, хизматлар ҳажмини 435 триллион сўмга етказиш (ўтган йили 283 триллион сўм бўлган) ҳамда соҳада 1,5 миллион иш ўрни яратиш режа қилингани таъкидланди.

“Лекин айрим туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, ишларни тўғри ташкил эта олмаяпти.

Мисол учун, хизматлар соҳасида январь-май ойларида 756 минг иш ўрни яратилди. Лекин, иш ўринларининг атиги 232 мингтаси ёки 31 фоизи янги объектларда яратилган.

Қолган 510 мингта иш ўрни ўзини ўзи банд қилганлар ҳиссасига тўғри келмоқда”, деди Президент.

Янги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида иш ўринлари яратиш бўйича Тошкент шаҳри, Самарқанд, Фарғона, Андижон вилоятлари натижа кўрсатгани, Жиззах, Навоий, Хоразм, Қашқадарёдаги ишлар аҳволи эса қониқарсиз экани таъкидланди.

Йиғилишда тадбиркорлар хизматлар соҳасида асосан 3 та масала – ер, бино ва инфратузилма билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётгани кўрсатиб ўтилди.

Сўнгги икки ойда 23 мингдан зиёд ер майдонлари савдога чиқарилди, шундан 12 мингтаси ёки 60 фоизи хизмат кўрсатиш жойларини ташкил этиш учун қўйилган.

Бунда, 63 та туман ва шаҳарда аукционга қўйилган ер участкаларининг сони 100 тадан кўп бўлса, 27 та туманда 10 тага ҳам етмайди.

Мисол учун, Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон, Хива, Урганч шаҳарлари, Тошкент, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманларида савдога қўйилган ерлар сони 10 тадан ошмайди.

Шу боис, фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари, Тошкент, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманлари ҳокимларига нисбатан охирги маротаба ҳайфсан бериш, ушбу туман ва шаҳар ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарларини лавозимидан озод этишга кўрсатма берилди.

Аукционга таклиф этилган 45 мингта ернинг 3 мингтаси келишиладиган идоралар томонидан қайтарилгани кўрсатиб ўтилди.

Бунга асосий сабаб ҳудудларнинг бош режаси ёки архитектура режалаштириш лойиҳаларининг йўқлигидир.

Шаҳарларнинг бор-йўғи 30 фоизида бош режа, қишлоқларнинг 1 фоизида архитектура режалаштириш лойиҳалари мавжудлиги танқид қилинди.

“Очиқ айтиш керак, шаҳарларнинг бош режасини ишлаб чиқишни давлат лойиҳа институтлари “монополия” қилиб олган.

Инвестиция дастурлари доирасида давлат лойиҳа институтларига ҳар йили катта маблағлар ажратилаяпти, лекин биронта туман ёки шаҳарнинг бош режаси охирига етказилмаган. Нархлар ҳам чет эллик ёки хусусий лойиҳа ташкилотлари нархларига нисбатан бир неча баробар қиммат.

Шу боис, қурилиш соҳасини трансформация қилиш бўйича ҳам алоҳида муҳокама ўтказаман”, - деди давлат раҳбари.

Йиғилишда вилоят ҳокимлари олдига тегишли идора ва ташкилотлар билан бирга сервис ва хизмат кўрсатиш объектларида яратилган доимий янги иш ўринларини ярим йил якуни билан 300 мингтага, йил якунига қадар эса яна 800 мингтага етказиш вазифаси қўйилди.

Бу кўрсаткичларни уддалаш мумкинлиги Бухоро вилояти мисолида тушунтирилди.

Мисол учун, Бухоро шаҳридаги тадбиркорлар эски шаҳардаги меҳмонхона, ошхона, савдо дўконларининг том қисмида ресторан ва кафетерийлар ташкил этган.

Шу каби шаҳарнинг 8 та марказий кўчасида жойлашган давлат ташкилотларининг 50 га яқин биноларининг 1-қаватида

100 дан зиёд ресторан ва кафетерийлар, сервис жойларини ташкил этиш имкони мавжуд.

Вилоят ҳокимларига Бухоро тажрибасини 28 та шаҳар, барча туман марказлари ҳамда пойтахт туманларида жорий қилиш топширилди.

Иқтисодий тараққиёт вазирлигига республика бўйича давлат идораларининг балансидаги, йўл бўйларида жойлашган

4 мингга яқин маъмурий биноларидан сервис соҳасида самарали фойдаланиш бўйича дастур ишлаб чиқишга кўрсатма берилди.

Йиғилишда ой якуни билан 25 мингта ер участкаларини сервис ва савдо объектлари учун аукционга чиқариш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Олтиариқ тумани сўнгги икки ойда 1,6 мингта ер участкасини аукционга чиқарди.

Бунинг учун туман ишчи гуруҳи тадбиркорлар билан учрашиб, улар учун мақбул бўш ер участкаларини ажратиб олган, хусусий лойиҳа ташкилотларини жалб қилиб, топографик хариталарни ишлаб чиққан, аукционга чиқариш учун 15 та идора билан 7-10 кунда келишилган.

Президент бу тажрибани барча туман ва шаҳарларда жорий қилиш кераклигини таъкидлади.

Эндиликда:

- ерларни аукционга чиқариш жараёнлари ижарада – 48 кундан 15 кунга, мулк ҳуқуқида – 74 кундан 20 кунга қисқартирилади;

- ер майдонларини баҳолаш экспертизадан ўтказилмайди, ҳақиқий баҳоси аукционда аниқланади;

- 2023 йил 1 январдан бошлаб ерларни аукционга чиқаришда кадастр идораларида бор маълумотларни бошқа идоралар билан келишиш тартиби бекор қилинади.

Бунда, жавобгарлик кадастрга маълумот тақдим этмаган идора раҳбарига юкланади.

Йиғилишда Кадастр агентлигига йил якунигача 20 та вазирликнинг кадастр маълумотларини Миллий геоахборот тизимига тўлиқ киритиш топширилди.

1 сентябрга қадар 205 та туман ва шаҳарда 253 та махсус савдо ва хизмат кўрсатиш кўчаларини ташкил этиш режа қилинган.

Ушбу мақсадлар учун ўтган йили республика бюджетидан

1,4 триллион сўм, жорий йилда эса 900 миллиард сўм ажратилди.

Масалан, Жиззах шаҳри “Жиззахлик” маҳалласидаги боши берк кўча Шароф Рашидов марказий кўчасига боғланиб, 1,4 километр автомобиль йўли, пиёдалар ва велосипед йўлакчалари барпо этилган. Савдо ва сервис объектларига туну-кун ишлашга рухсат берилган.

Натижада, илгари ушбу ҳудуддаги 1 квадрат метр жой

2-3 млн сўмга ҳам сотилмаган бўлса, ҳозир нархи

8-9 млн сўмга етган. Энг муҳими, савдодан тушган маблағларни бошқа кўчаларнинг инфратузилмасини яхшилашга йўналтириш ишлари бошланган.

Вилоят ҳокимларига Жиззах тажрибаси асосида 1 тадан кўчани танлаб, уларни серқатнов кўчаларга улаш орқали сервисни ривожлантириш лойиҳасини бошлаш топширилди.

Йиғилишда йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш масаласига тўхталиб ўтилди.

Мисол учун, Бойсундаги Омонхона қишлоғида 1 та сиҳатгоҳ, 3 та меҳмонхона бўлиб, меҳмонларни 190 та хонадон қабул қилади (йилига ўртача 22-25 минг меҳмон келади).

Ушбу қишлоқдаги ҳоким ёрдамчиси меҳмонлар оқимини 100 мингга етказиш бўйича иш бошлаган.

Агар йўл инфратузилмаси яхшиланса, йўл бўйида 200 дан зиёд сервис объектлари ва камида 1 мингта иш ўринлари пайдо бўлади.

Умуман, 28 та йирик шаҳар, хизмат кўрсатиш салоҳияти юқори 10 та туманда ишлар янги ёндашувлар асосида ташкил этилади. Бу ҳудудларнинг мастер-режаси ишлаб чиқишга 200 миллиард сўм ажратилади.

Бунда:

- бир ҳафта муддатда ҳар бир туман ва шаҳарда лойиҳа офислари тузилиб, хорижий консалтинг компаниялари ва экспертлар жалб қилинади;

- лойиҳа офислари бир ой муддатда ушбу туман ва шаҳарлар аҳолиси таклифлари асосида мастер-режани ишлаб чиқади.

Ушбу туман ва шаҳарларга тижорат банклари бириктирилиб, сервис лойиҳаларини молиялаштиришга масъул бўлади.

Президент кўчма ва енгил конструкцияли савдо фаолияти учун талабларни соддалаштириш вазифасини қўйди.

 

Жумладан, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, маҳалла, ободонлаштириш ва йўл ташкилотларига ўз ер майдонларида мавсумий кафе ва савдо нуқталарини ташкил этишга рухсат берилади.

Бунда, кўчма савдо объектларини иш куни якунлангач, кўчириш бўйича мажбурий талаб бекор қилиниб, тадбиркорларга мобиль контейнерлар ўрнатиш ҳуқуқи берилади.

2017 йилда бозорларни реконструкция қилиш ва замонавий савдо комплексларини қуриш дастури қабул қилинган эди.

Лекин Зангиота, Қибрай, Оҳангарон, Бахмал, Ғаллаорол, Дўстлик, Чортоқ, Хатирчи ва Нуротада бозорлардаги аҳвол, уларнинг санитарияси ва архитектурасидан одамлар норози экани қайд этилди.

Беш йиллик тажрибадан келиб чиқиб, бозорларни ривожлантириш дастурини, шунингдек, маданият ва истироҳат боғларида сервисни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

Транспорт соҳасига хусусий инвесторларни жалб қилиш ишлари сустлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, транспорт вазири И.Маҳкамовга:

- аэропортларга хусусий шериклик асосида инвесторларни жалб қилиш ишлари қониқарсизлиги;

- Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон йўналишидаги тез юрар автомобиль йўлларини қуриш бўйича хусусий шериклик лойиҳалари ҳам қониқарсизлиги;

- ҳудудлар ўртасида авиа, темир йўл ва автотранспорт қатновларини кўпайтириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани кўрсатиб ўтилди ва охирги марта огоҳлантириш берилди.

Транспорт вазирлиги ва “Uzbekistan Airports”га:

- 1 июлга қадар аэропортларга хусусий шериклик асосида инвестор ҳамда ички авиақатновлар учун лоукостерларни жалб қилиш бўйича амалий ишларни бошлаш;

- 1 августга қадар ички авиақатновларни ҳафтасига 90 тага кўпайтириш топширилди.

Темир йўл тизими трансформациясини жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Автомобиль йўллари соҳасида қурилиш сифати ва ажратилаётган маблағлар назорати бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

“Хабарингиз бор, ўтган икки ҳафта давомида республиканинг барча маҳаллаларида сайлов ўтказилиб, 9 минг 349 нафар маҳалла раислари сайланди.

Ушбу оқсоқолларни халқимиз, биринчи галда, маҳалла аҳолиси ўзига муносиб кўриб, ишонч билдиргани билан табриклайман.

Бир нарсани аниқ тушуниш лозим. Маҳалла раиси бўлиш бу – жуда катта масъулият.

Маҳалла раислари халқимизни рози қилишда, ислоҳотларни ҳар бир хонадонга кириб боришида ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари ва профилактика инспекторлари бошини қовуштириб, хонадонбай муаммоларни ўрганиб, ҳокимлар олдига аниқ масалалар қўйиб, маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга масъул ва жавобгар бўлади”, деди давлатимиз раҳбари.

Бугун хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича қўйилган аниқ масалалар ҳам энг аввало маҳалладан бошланиши, бир сўз билан айтганда, маҳалла хизматлар ва сервис марказига айланиши шартлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида ҳудудлар раҳбарлари ва мутасаддилар ахборот берди.

Президент раислигида саноат зоналари ва йирик инвестиция лойиҳалари билан боғлиқ масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг ўзида 2 мингта лойиҳани амалга ошириш, 110 мингта янги иш ўрни яратиш ва 1 миллиард доллар қўшимча экспортни таъминлаш учун имкониятлар борлиги таъкидланди.

Ўтган беш йилда 19 та эркин иқтисодий зона (унгача атиги 3 та бор эди) ва 400 дан зиёд кичик саноат зонаси ташкил этилиб, уларда 10 триллион сўмлик 1 мингдан ортиқ лойиҳа ишга туширилди.

Натижада 100 мингта иш ўрни яратилиб, йилига қўшимча 45 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарила бошланди.

Шунингдек, саноат зоналаридаги корхоналар йилига 750 миллион долларлик экспорт ва 1 триллион сўмдан зиёд солиқ тушумларини таъминламоқда.

“Асосийси, ҳар бир туманга саноат кириб борди, олис ва чекка ҳудудларда янги ишлаб чиқаришлар пайдо бўлмоқда”, деди Президент.

Хусусан, беш йил аввал саноат умуман бўлмаган 11 та туманда 205 та янги корхона иш бошлаб, бугунги кунда уларда саноат ҳажми 2 баробар ошди.

Йиғилишда саноат зоналарини ривожлантириш борасида ҳудудларда қилинадиган ишлар кўплиги кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, 96 та кичик саноат зонасининг бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани боис уларда 3,5 триллион сўмлик 648 та тайёр лойиҳалар бошланмасдан тургани таъкидланди.

Худди шундай, саноат зоналари майдонларининг 37 фоизи электр, сув, газ, йўл ва канализация билан таъминланмагани танқид қилинди.

Шунингдек, саноат зоналарида лойиҳаларни бошлаш учун тадбиркорлар 5 та босқичли жараёндан ўтиб, 10 турдан ортиқ ҳужжатларни тақдим этиши лозим (бунга 3 ойгача вақт сарфланмоқда).

Оқибатда ҳозирда Бухорода 10 та, Тошкент вилоятида 5 та, Самарқанд ва Фарғонада 1 тадан лойиҳа бошланмасдан турибди.

“Биз Тараққиёт дастуримизда келгуси беш йилда саноатни 1,4 бараварга оширишни мақсад қилганмиз. Бу – жуда катта марра.

Шунинг учун, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими янги ташаббуслар кўрсатиши, тадбиркорларни топиб, лойиҳаларни кўпайтириш бўйича ўзларининг аниқ режаларига эга бўлишлари зарур”, деди давлат раҳбари.

Бугунги йиғилишда қабул қилинадиган қарорлар билан керакли шарт-шароитлар яратиб берилиши таъкидланди.

Энг аввало, саноат зоналарида бўш турган 6,6 минг гектар майдоннинг электр, сув, йўл ва бошқа инфратузилма масалалари ҳал қилиб берилади.

Президент топшириғига асосан махсус ишчи гуруҳ саноат зоналарининг инфратузилмасини хатловдан ўтказди ва туманма-туман лойиҳалар рўйхатини шакллантирди.

Шу муносабат билан мутасаддилар, вилоят ҳокимларига:

-  бир ой муддатда 40 та саноат зонасидаги 120 километр йўл бўйича пудратчиларни аниқлаб, қурилиш ишларини бошлаш;

-  1 октябрга қадар 246 та саноат зонасини электр тармоғи, трансформатор ва подстанциялар билан таъминлаш;

-  жорий йилда 200 та саноат зонасида 555 километр сув тармоғи ва 110 та сув иншоотини қуриб якунлаш топширилди.

Умуман, саноат зоналари инфратузилмасини яхшилаш учун жорий йилда 1,5 триллион сўм ёки 2021 йилга нисбатан 2 баравар кўп маблағ ажратилиши белгиланди.

Йиғилишда ҳокимларнинг ажратилаётган маблағлар ҳисобидан иш ўринлари яратиш бўйича режалари қониқарсиз эканлиги, бир ҳафта муддатда ушбу режаларни ажратилаётган маблағларга мос равишда қайта кўриб чиқишга топшириқ берилди.

Умуман, вилоят ҳокимлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги йил якунига қадар саноат зоналарида 2 мингта янги лойиҳани ишга тушириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Вилоят ҳокимлари олдига бу лойиҳалар ҳисобига қўшимча 110 мингта иш ўрни яратиш, 17,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, камида 1 миллиард долларлик экспорт қилиш учун шароит яратиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, инфратузилмаси ҳал этилган саноат зоналарида 1 мингдан зиёд янги лойиҳага етадиган ер майдонлари мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Икки ой муддатда 174 та махсус зонада камида 250 та ер майдонини аукционга чиқариб, лойиҳаларни бошлашга кўрсатма берилди.

Бугунги кунда ҳудудларда 35 та текстиль-бўёқ ва 14 та терини қайта ишлаш бўйича янги лойиҳалар тайёрланган.

Шу муносабат билан йил якунига қадар текстиль-бўёқ ва терини қайта ишлаш бўйича индустриал парклар ташкил этиш, замонавий тозалаш иншоотларини қуриш бўйича лойиҳаларни бошлаш вазифаси қўйилди.

Мутасаддилар вилоят ҳокимлари билан бирга ушбу ишлар ҳисобидан 20 мингта иш ўрни яратиши, қўшимча 250 миллион доллар экспортни таъминлаши шартлиги таъкидланди.

Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилояти, Фарғона тадбиркорлари бу имкониятдан фойдаланиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича 630 млн долларлик янги лойиҳаларни бошлаш ташаббуси билан чиққан. Уларни инфратузилма билан таъминлаш учун жорий йилда 120 млрд сўм ажратилади.

Бошқа ҳудудлардан ҳам янги лойиҳа таклифлари бўлса, улар учун яна 50 млрд сўм ажратилиши таъкидланди.

Йиғилишда Самарқандда 300 гектар майдонда янги махсус саноат зонаси ташкил этилиши белгиланди.

Саноат зоналарига лойиҳани жойлаштириш тартиби қайта кўриб чиқилиб, бюрократиядан холи янги тизим яратилиши таъкидланди. Жумладан:

- эркин иқтисодий зоналарда амалга ошириладиган лойиҳаларни экспертиза қилиш ваколати Инвестициялар вазирлигига ўтказилади;

- саноат зоналари бўйича маъмурий кенгашлар тугатилиб, уларнинг ваколатлари Инвестициялар вазирлигига берилади;

- саноат зоналари иштирокчиларига имтиёзларни қўллаш учун Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказининг хулосасини олиш тартиби бекор қилинади. Бундан буён назоратни Давлат божхона қўмитаси амалга оширади;

- саноат зоналаридаги ерлар аукционга дирекциялар томонидан чиқарилади (ҳозирда ҳокимлик томонидан аукционга қўйилади);

- инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилганидан кейин кичик саноат зоналаридаги объектларни хусусийлаштиришга рухсат берилади.

Буларнинг ҳисобига, саноат зоналарига лойиҳаларни жойлаштириш жараёнидаги босқичлар амалдаги 5 тадан 2 тага камаяди, сарф қилинадиган вақт 3 ойдан 1 ойгача қисқаради.

Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида узоқ йиллар фаолият юритаётган ва ҳозирда ер ва бино-иншоотларга ҳуқуқи ҳал бўлмаган 2 мингдан зиёд тадбиркорлар мавжуд.

Бир ой муддатда саноат зоналарида жойлашган тадбиркорларнинг ер ва бино-иншоотлари билан боғлиқ масалаларини ҳал қилиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Шунингдек, бугунги кунда фармацевтикага ихтисослашган 5 та эркин иқтисодий зонанинг 40 фоиз ер майдони бўш тургани кўрсатиб ўтилди.

Тадбиркорлар ушбу бўш майдонларда бошқа саноат лойиҳаларини ҳам амалга оширишга рухсат беришни сўрашмоқда.

Шу боис, мутасаддиларга фармацевтика иқтисодий зоналари фаолиятини кенгайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Бу имкониятлардан фойдаланиб, 50 та янги лойиҳани бошлаш кераклиги таъкидланди.

“Яна бир масала – экспортга маҳсулот ишлаб чиқаришда ташқи бозорлар талабларидан келиб чиқишимиз шарт.

Бунда, ишлаб чиқарилаётган ҳар бир маҳсулот хорижий стандартларга жавоб бериши, бозор ва истеъмолчи талабларига мос келиши асосий талаб бўлади”, деди Президент йиғилишда.

Шу муносабат билан икки ой муддатда хорижий мамлакатларнинг тажрибали компанияларига 1 тадан саноат зоналарини бошқарувга бериш ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Йиғилиш якунида мавзу юзасидан мутасаддилар ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.

 

Президент ҳузурида ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг энг муҳим босқичига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Жорий йил 11 май куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. “Кўриб турибсизлар, жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари кун сайин юқори суръатлар билан ўсмоқда.
Бугунги кунда халқаро биржаларда 1 тонна буғдой 400 доллардан сотилмоқда ва йил бошига нисбатан 30 фоизга ошди.
Бундай вазиятда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли бу – фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш ҳисобланади.
Бунинг учун ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарур.
Биз бу ислоҳотларга узоқ тайёргарлик кўрдик. Барча масалаларни пухта ҳисоб-китоб қилиб, бу ишларни босқичма-босқич амалга ошириб келаяпмиз”, деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.
Соҳада хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли унинг улуши тобора ортиб бораётгани таъкидланди.
Хусусан, сўнгги уч йилда ҳудудларда қуввати қарийб 3 миллион тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади.
“Кўриб турибсизлар, жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари кун сайин юқори суръатлар билан ўсмоқда.
Бугунги кунда халқаро биржаларда 1 тонна буғдой 400 доллардан сотилмоқда ва йил бошига нисбатан 30 фоизга ошди.
Бундай вазиятда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли бу – фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш ҳисобланади.
Бунинг учун ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарур.
Биз бу ислоҳотларга узоқ тайёргарлик кўрдик. Барча масалаларни пухта ҳисоб-китоб қилиб, бу ишларни босқичма-босқич амалга ошириб келаяпмиз”, деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.
Соҳада хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли унинг улуши тобора ортиб бораётгани таъкидланди.
Хусусан, сўнгги уч йилда ҳудудларда қуввати қарийб 3 миллион тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади.
“Бир сўз билан айтганда, давлат дон корхоналаридаги айни пайтдаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаяпти.
Шу боис, қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини бошлаган давримизда дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратишни бундан уч йил олдин эълон қилган эдик.
Бугун халқимиз, фермер-деҳқонларимиз анчадан буён кутган ушбу ислоҳотларимизнинг янги босқичини бошлаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтамиз.
Шунингдек, фермер ва кластерлар ўзлари етиштирган ғалласини биржа савдоларига олиб чиқишлари учун ҳам барча имкониятлар яратилади”, деди Президент.
Бунда, энг аввало, давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилиши маълум қилинди.
Қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб ойма-ой биржага чиқарилади.
Бунда июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади.
Мисол учун, август ойида 1 тонна ғалланинг биржа нархи 3,5 миллион сўм бўлса, фермерга яна 500 минг сўм тўлаб берилади. Бу мақсадларга жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.
Бундан ташқари:
- фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради;
- 500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатларини давлат ўз зиммасига олади ва бунга 100 миллиард сўм ажратилади.
Агар фермер ва кластерлар томонидан етиштирган ортиқча ғалласини сотиш истаги бўлса, давлат ва хусусий дон корхоналарига шартнома асосида келишилган нархларда сотади.
“Барча ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олиши зарур. Нима учун биз фермерни биржага олиб чиқаяпмиз? Фермер биржага чиқиб, ўзи ғалласини мустақил сотса, унинг даромади ошади, ўз меҳнати натижасидан рози бўлади.
Келгусида давлат захирасига харид қилинадиган ғалла ҳам фақат биржадан сотиб олинади”, деди Президент йиғилишда.
Мутасаддиларга икки ҳафта муддатда буғдой етиштирувчи фермер ва кластерларни биржадан рўйхатдан ўтказиш ҳамда брокерларни бириктириб, ўқитишни ташкил қилиш топширилди.
Бунда фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади.
Жорий йил жами ғалла ҳосили учун 7,6 триллион сўм ажратилади. Янги тизимни тўлақонли, адолатли ва очиқ-ошкора ишлаб кетиши, ҳар бир сўм фермер ва кластерга ўз вақтида, тўлиқ етиб бориши, нарх-навони ўсиши ва тақчилликни олдини олиш бўйича “кунбай” назорат тизими жорий қилинади.
Бунинг учун Бош прокурор бошчилигида Республика штаби ташкил этилади. Ҳудудий штабларга вилоят ҳокимлари ва прокурорлари раҳбарлик қилади.
Йиғилишда ғалла қабул қилиш пунктлари сонини камайтириш ва кейинги йилдан бошлаб уларни хусусийлаштириш чора-тадбирлари белгиланди.
“Ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олишлари зарур. Буғдойнинг ҳақиқий эгаси бу – фермер ва кластерлар.
Шунинг учун, бундан буён туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади.
Бундан ташқари, биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди. Марҳамат, қайси ҳудуддаги корхона биржада ютиб олса, ҳеч қандай тўсиқларсиз ғаллани олиб кетиши мумкин”, деди Президент.
Бош прокурор, вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари бу масалани шахсан назоратига олиб, фермерни норози қилган раҳбарларга қатъий чоралар кўриб бориши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
“Ўздонмаҳсулот” ўзи ҳам, 43 та корхонаси ҳам янги бозор шароитларида ишлашга ўрганиши шартлиги таъкидланди.
Бундан буён, “Ўздонмаҳсулот” корхоналари ҳам, хусусий корхоналар ҳам ун ишлаб чиқаришга буғдойни биржа орқали бозор нархида сотиб олиши белгиланди.
Уларга ғалла сотиб олишга айланма маблағ учун 800 миллиард сўм миқдорида кредит ресурслари ажратилади.
Шу билан бирга, вилоят ҳокимлари замонавий, ихчам, энерготежамкор ун ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириши зарурлиги қайд этилди.
Кластер томонидан ғалла экиш учун янги ер майдонларини ўзлаштириш бўйича Бухоро тажрибасини барча ҳудудларда жорий қилиб, ғалла майдонларини кенгайтириш ва ҳосилдорликни ошириш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.
Вилоят ҳокимлари олдига чекка ва олис қишлоқларга ун ва ун маҳсулотларини етказиб бериш бўйича транспорт харажатларини қоплаб бериш тизимини йўлга қўйиш топширилди.
Йиғилишда ун ва ун маҳсулотларининг бозорда тақчиллигига йўл қўймаслик ва нархлар барқарорлигини таъминлашга вилоят ҳокимлари шахсан масъул ва жавобгар бўлиши таъкидланли.
Мутасаддиларга 1 августга қадар 20 та дон корхонасидаги давлат улушини савдога чиқариш, бир ой муддатда дон корхоналари қошида ташкил этилган нон цехлари ва савдо дўконларини хатловдан ўтказиб, савдога чиқариш топширилди.
“Вилоят ҳокимлари ва прокурорлари яхшилаб эшитиб олсин. Ўзгаришларни баҳона қилиб, жойларда ун ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтириб юбориш, нарх-навони асоссиз ўсишига йўл қўйишга “саботаж” деб, сиёсий баҳо берилади.
Шу боис, вилоят ҳокимлари ва прокурорлари дон корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш ҳажмларини сақлаб қолишга “боши билан” жавоб беради”, деди Президент.
Бу борада вилоят ҳокимлари, ички ишлар ва прокуратура органлари раҳбарларига ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, янги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, қандай чоралар кўрилиши ва режалари бўйича тушунтириш бериш вазифаси қўйилди.
Йиғилиш кун тартибидан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш масаласи ҳам ўрин олди.
Жорий йилнинг март-май ойларида кучли ёғингарчилик оқибатида Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар содир бўлди. Оқибатда 9 нафар инсон ҳалок бўлди. 245 та хонадон, 19 та кўприк зарар кўрди, 450 дан ортиқ бош чорва моллари нобуд бўлди.
Бунга сел ва кўчки хавфи юқори ҳудудларда йиллар давомида бетартиб пала-партиш суғорилгани ҳам сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан мутасаддиларга:
- тоғ дарёлари ва сойлари, сел йўллари жойлашган ҳудудларда туну-кун ишлайдиган штаблар ташкил этиш ва қутқарув отрядларини кўпайтириш;
- дарё қирғоқлари, сув омборлари, селга қарши иншоотларнинг фавқулодда вазиятларга шайлик ҳолатини ўрганиб, уларни мустаҳкамлаш;
- хавфли ҳудудларда яшаётган хонадонларни хавфсиз ҳудудларга доимий кўчириш чораларини кўриш бўйича топшириқ берилди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.
 
 
 
 
 
Узун тумани ҳокимлиги ахборот хизмати
Барчаси: 9 та
Рўйхатдан ўтиш
1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси