Узун тумани ҳокимлиги
Аҳолини рўйхатга олиш тартиби, моҳияти ва унинг истиқболлари.

Ҳар қандай давлатнинг тарихи – бу, биринчи навбатда, унда яшайдиган халқнинг тарихи, аҳолисининг сони ва таркиби, унинг иқтисодий ва ижтимоий тавсифларида ўз ифодасини топади. Аҳоли сони бўйича аниқ ва яхлит маълумотлар аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади.

Аҳолини рўйхатга олиш якунларига қараб ўтмиш ва ҳозирги давр ҳақида фикр ва мулоҳазалар юритиш ҳамда келажакни прогноз қилиш мумкин бўлади.

Қатор ҳолатларда аҳолини рўйхатга олиш – аҳолининг ёши, жинси, миллий таркиби, маълумот даражаси, никоҳ ҳолати, бандлиги ва бошқа тавсифлари ҳақида маълумотлар олишнинг ягона манбаи бўлиб хизмат қилади.

Аҳолини рўйхатга олиш – бу мамлакат аҳолисининг муайян вақтдаги “фотосурати”ни олиш имконини берувчи умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир бўлиб, аҳоли тўғрисидаги ишончли ахборот манбаи ҳисобланади.

Аҳолини рўйхатга олиш қачондан ўтказила бошланган?

Аҳолини дастлабки рўйхатга олиш қадимги Гретсия, Вавилон, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Мисрда ўтказилган. Лекин, бу аҳоли рўйхатларининг мақсади аҳолидан солиқ йиғиш, яъни бож олиш ҳамда ҳарбий мақсад учун аҳоли сонини аниқлаш бўлган. Шунинг учун ҳам, бу аҳоли рўйхатларида асосан эркаклар рўйхатга олинган. Чунки, у пайтларда эркакларнинг иқтисодий ўрни юқори бўлган, солиқ тўлашда фақат эркаклар, яъни оила бошлиқлари қатнашган.

Аҳолини энг биринчи расмий рўйхатга олиш 1790 йилда АҚШда, кейинчалик 1800 йилда Шветсия ва Финляндияда, 1801 йилда – Англия, Дания, Норвегия ва Францияда ўтказилган. Аммо, бу аҳоли рўйхатлари жуда оддий шаклда ҳамда узоқ муддатга чўзилган. Масалан, биринчи АҚШда аҳолини рўйхатга олиш ишлари 18 ой давомида олиб борилган.

ХИХ асрга келиб, аҳолини рўйхатга олиш жуда кенгайди. Қатор Европа мамлакатларида статистика ташкилотлари тузилди. Аҳолини рўйхатга олиш илмий дастурлар асосида олиб борилиши йўлга қўйилди. Хусусан, 1870-1879 йилларда дунёнинг 48 та, 1890 йилларда эса 57 та давлатида аҳоли рўйхати ўтказилган. ХИХ аср охирида дунё аҳолисининг 21 фоизи рўйхатга олинган бўлса, ХХ аср бошида 54 фоиз аҳоли рўйхатдан ўтказилган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин, аҳолини рўйхатга олиш тизими янада такомиллаштирилди. 1945-1954 йилларда – 151 та давлатда, 1965-1974 йилларда – 179 та давлатда аҳоли рўйхати ўтказилган. Ҳозирги пайтда, дунёдаги деярли барча давлатларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари олиб борилмоқда.

Республикамизда демографик жараёнларнинг ҳолатини ўрганишда мамлакат ҳудудида ўтказилган аҳоли рўйхати маълумотлари муҳим аҳамият касб этади. Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳоли рўйхати 1897 йилда ўтказилган бўлиб, ушбу рўйхат маълумотлари ХИХ аср охирида Ўзбекистонда мавжуд оилалар сони, аҳоли сони, ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнлар ҳақида тассаввур ҳосил қилишга ёрдам берган. Ўзбекистон ҳудудида кейинчалик 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилган.

Халқаро тавсияларга кўра, аҳолини рўйхатга олиш қуйидаги муҳим тамойилларга асосланади:

  1. Марказлаштириш.Аҳолини рўйхатга олишни бошқаришнинг қатъий марказлаштирилиши ушбу тадбирни муваффақиятли ўтказишнинг асосий шартларидан биридир.
  2. Аҳолини рўйхатга олишнинг мунтазамлиги.БМТ тавсияларига кўра, аҳолини рўйхатга олиш 10 йилда камида бир маротаба ўтказилиши белгиланган.
  3. Аҳолини рўйхатга олиш махсус тайёрланган мутахассислар – ҳисобчилар томонидан ўтказилиши.Мазкур тадбирни амалга ошириш учун кўп миқдорда махсус ходимлар ёлланади, уларнинг таркибига зиёлилар, талабалар ҳам киритилиши мумкин.
  4. Аҳолини рўйхатга олишни аниқ бир муддатда ўтказиш.Бу тадбирни амалга оширишга одатда 10–12 кун талаб этилади. Аҳолини рўйхатга олиш бир неча кун давомида ўтказилса ҳам, маълумотлар аниқ бир вақтда – кўпинча аҳолини рўйхатга олишнинг биринчи кунининг 0 соатдаги ҳолати бўйича қайд этилади. Бу аҳолини рўйхатга олишнинг нозик вақти, деб ҳам аталади.

Масалан, чақалоқ аҳолини рўйхатга олиш даврида, аммо ана шу аниқ муддатдан кейин туғилган бўлса, у аҳоли рўйхатига киритилмайди. Лекин, кимдир бу аниқ нозик муддатда ҳаёт бўлиб, шундан кейин, яъни аҳолини рўйхатга олиш даврида вафот этса, у аҳоли рўйхатига киритилади.

  1. Аҳолини рўйхатга олишнинг белгилаб қўйилган аниқ дастурининг мавжудлиги ва тадбирни унга қатъий риоя қилган ҳолда ўтказиш.Аҳолини рўйхатга олиш дастури – рўйхатга олишда муайян талабларни ҳисобга олган ҳолда, аҳолига мурожаат қилинадиган саволлар рўйхатини, маълумотларни қайд этиш, тўплаш, қайта ишлаш, якуний маълумотларни эълон қилиш тартибларини ўз ичига олади.
  2. Аҳолининг тўлиқ қамраб олиниши.Аҳолини рўйхатга олишда кимдир унутиб қолдирилиши ёки икки марта рўйхатга олиниши ҳоллари учраса ҳам, мавжуд аҳолининг рўйхатдан жой олинишини таъминлаш асосий вазифа ҳисобланади.
  3. Маълумотларнинг махфийлиги ва шахсийлаштирилиши.Аҳолини рўйхатга олишда индивидуал асосда ҳар бир шахс тўғрисидаги якка маълумотлар тўпланади. Шу билан бирга, респондентлардан олинган маълумотларнинг номсизлиги кафолатланади. Аҳолини рўйхатга олиш варақасидан фақат натижаларни умумлаштириш учун фойдаланилади.
  4. Ихтиёрийлик.Шахс тўғрисидаги маълумотлар сўралаётган (респондент)нинг жавоблари (кичик ёшдагилар учун – ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босадиган шахсларнинг) асосида қайд қилинади ва буни ҳужжат билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

Кўпгина мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш қонун билан тартибга солиниши мустаҳкамлаб қўйилган.

Масалан, Буюк Британияда 1920 йилда Қўшма Қиролликда аҳолини рўйхатга олиш қонуни қабул қилинган. Мазкур қонунда аҳолини рўйхатга олишнинг барча қоидалари, фуқаролар, уй хўжаликлари, корхоналар ва муассасаларнинг қайси тоифалари рўйхатга олиниши, аҳолини рўйхатга олишни ким ўтказиши, сўров варақалари қандай бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, аҳолини рўйхатга оладиган ҳисобчиларни ёллаш қоидалари, уларнинг хизмат вазифалари ҳамда аҳолини рўйхатга олиш қоидалари кўрсатилган.

Буюк Британияда ҳар галги аҳолини рўйхатга олишдан тахминан бир йил аввал бунга доир алоҳида қонун ҳужжати қабул қилинади (бунда албатта 1920 йилги қонун ҳужжатига ҳавола қилинади). Бу қонунда аҳолини рўйхатга олиш услубига аниқлик киритилади, аҳолини рўйхатга олиш муддати ва бунинг учун ажратиладиган маблағ миқдори белгиланади. Буюк Британияда аҳолини рўйхатга олиш ҳар ўн йилда, одатда, апрел ойида ўтказилади. Бу сананинг танланиши мамлакатда аҳоли ўртасида оммавий тадбирларнинг ўтказилиши учун об-ҳаво қулай бўлиши билан изоҳланади.

Мамлакатда аҳолини рўйхатга олишга жалб қилинадиган ижтимоий ходимларга қатъий талаблар қўйилади. Улар махсус курсларда тайёргарликдан ўтишлари шарт. Бу ходимлар рўйхатга олиш бошланишидан уч кун аввал ўз ҳудудларидаги аҳолини сўров варақасини тўлдириш билан таништириб чиқишлари талаб қилинади.

АҚШда 1790 йилдан буён, ҳар 10 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказиб келинади. Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатнинг кўп асрлик қонунчилик асосига таянади.

ХВИИИ асрда қабул қилинган АҚШ Конституциясининг 1-моддасида “Вакиллар палатасидаги жойлар ва тўғридан-тўғри солиқлар Иттифоққа кирувчи штатлар бўйича уларнинг аҳолиси сони асосида тақсимланади... Аҳолининг амалдаги сони Қўшма Штатлар Конгресси биринчи мажлисидан кейин уч йил мобайнида, кейин ҳар ўн йилда мунтазам ҳисоблаб чиқилади”, деб қайд этилган.

Анъанага кўра, АҚШда аҳолини рўйхатга олишга муҳим умумдавлат аҳамиятига эга тадбир сифатида қаралади, унда барча аҳолининг иштирок этиши Америка демократияси амал этишининг зарур шарти, деб баҳоланади.

Полшада аҳолини рўйхатга олиш узоқ тарихга эга. Бу ерда мазкур тадбир Европада илк бор – 1764 йилда ўтказилган.

Ҳозирги пайтда мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш халқаро меъёрлар асосида ўтказилади. Ҳар 10 йилда ўтказиладиган бу тадбирда аҳоли анъанавий: ёши, жинси, маълумоти, иш жойи, миллати, шунингдек, тураржойи ва унинг маиший асбоблар билан жиҳозланиши каби саволларга жавоб бериши керак бўлади. Аммо уй хўжалиги аъзолари ва турар жой тўғрисидаги саволлар батафсил – саволларнинг 34 гуруҳидан иборатдир.

Полшанинг 1999 йилдаги Аҳоли рўйхати тўғрисидаги қонунига мувофиқ, мамлакат фуқаролари рўйхатга олувчи ҳисобчини хонадонига киритиб, унинг саволларига жавоб бериши ёки сўровнома варағини ўзи тўлдириши мумкин. Лекин, аҳолини рўйхатга олиш тартиб-қоидаларидан батафсил таниш бўлмаган фуқаролар учун бу осон бўлмаган, сабаби аҳоли рўйхатини ўтказиш йўриқномаси 200 варақдан иборат бўлган.

Уларнинг Қонунига мувофиқ, Полшанинг ҳар бир фуқароси сўровнома саволларига тўла ва ҳаққоний жавоб бериши шарт. Маълумот беришдан бош тортиш учун жарима тўланади, ёлғон маълумот берганлик учун эса озодликдан маҳрум этилиши ҳам мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Ўзбекистонда Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида қонун қабул қилинмаган. Шунинг учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон Фармонида алоҳида банд сифатида Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Мазкур қонун лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутади, яъни аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсади, тартиби, даври ва муддатларини аниқлаш; замонавий технология ва услубиётлар асосида аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш ва ташкил этиш; аҳолини рўйхатга олишни ўтказишда иштирок этувчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг вазифалари, функсиялари ва жавобгарлигини белгилаш; жисмоний ва юридик шахсларни ушбу жараёнларга қатнашиши учун аниқ механизмлар ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш манбаларини белгилаш; якуний натижаларни амалга ошириш учун ташкилий-амалий, ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни келтириб ўтиш инобатга олиниши кўрсатиб ўтилган.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Аҳолининг сони, ёш-жинс таркиби, ҳудудий жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ҳолатларидаги ўзгаришлар аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда.

Ушбу долзарб масалаларни ҳал этиш ва халқаро талаблардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5655-сон Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш консепсияси” тасдиқланди. Ушбу Фармонда қуйидагилар назарда тутилган.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш Консепсияси тасдиқланди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишга кўмаклашиш бўйича Республика ҳамда ҳудудий комиссиялар таркиби ҳамда уларнинг вазифалари белгиланди.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди.

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш консепсияси эса қуйидагиларни назарда тутади.

Биринчидан, аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг мақсади ва асосий вазифалари ёритилган.

Иккинчидан, тадбирни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш босқичлари белгиланган.

Учинчидан, тадбирни ўтказишда иштирок этувчилар, вақтинчалик ходимларни ёллаш ва уларнинг вазифалари батафсил келтирилган.

Тўртинчидан, тадбирни ўтказишнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш йўналишлари инобатга олинган.

Бешинчидан, тадбирни ўтказишни молиявий манбалари кўрсатилган.

Олтинчидан, тадбирдан кутилаётган натижалар ва бошқа ишларни амалга ошириш тушунтириб ўтилган.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ишлари кенг қамровли тадбир бўлиб, кетма-кет ҳамда бир вақтнинг ўзида тегишли тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлган босқичларни ўз ичига олади, яъни:

Биринчи босқичда (3 йилгача бўлган муддат) қуйидаги ишлар амалга оширилади:

аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни ташкил этиш, ўтказиш тамойиллари, услубий асослари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланади;

аҳолини рўйхатга олиш тадбири дастурини, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилишни ташкил этиш услубияти ишлаб чиқилади;

аҳолини синов асосида рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш ва ўтказишни ташкил этиш, унинг натижаларини таҳлил қилиш ишлари олиб борилади;

ҳар бир рўйхатга олувчиларни ўз ҳудуди бўйича хариталар билан таъминланади;

аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш ва аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишнинг ташкилий режаси тузилади;

ҳар бир хонадон рақамланиши ва кўчалар номланишини амалга оширилади;

замонавий хариталаш технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш, унинг ўтказилишини назорат қилиш, якуний натижаларни олиш ва тақдим этишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш орқали тадбир мониторинг қилиб борилади;

аҳолига аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади ва вазифалари ахборот-тушунтириш ишлари орқали таништирилади;

рўйхатга олиш варақалари ва бошқа ҳужжатлар чоп этилиб, жойлардаги мутахассисларга этказилади;

рўйхатга олиш участкаларини бино, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаш ишлари ташкил этилади;

рўйхатга олиш тадбирида иштирок этувчи вақтинчалик ходимлар ўқитилиб, улар зарурий воситалар билан таъминланади;

аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа ишлар олиб борилади.

Иккинчи босқичда (10 кундан 60 кунгача бўлган давр) бевосита аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш ишлари амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш тадбири материаллари қайта ишлаш учун ихтисослашган тузилмаларга тақдим этилади.

Учинчи босқичда (2 йилдан 3 йилгача бўлган давр) қуйидагилар амалга оширилади:

аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг бирламчи материаллари маълумотларни қайта ишлаш бўйича ихтисослашган тузилмалар томонидан қабул қилиб олинади;

аҳолини рўйхатга олиш тадбири материалларини автоматлаштирилган тизимда қайта ишлашга тайёрланади;

бирламчи маълумотларни киритиш, кодлаштириш, назорат ва таҳрир қилиш ишлари амалга оширилади;

аҳолини рўйхатга олиш бўйича дастлабки натижалар олинади;

аҳолини рўйхатга олиш тадбири натижаларини эълон қилиш ва уларни тарқатиш ишлари амалга оширилади.

Аҳолини рўйхатга олиш бўйича ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳисобланиб, улар қуйидаги муҳим вазифаларни амалга оширадилар:

а) муҳим илмий ва олий таълим муассасалари иштирокида аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш бўйича илмий-услубий ва қўлланма материалларни тайёрлайди;

б) ҳар бир аҳоли пунктида аҳолини рўйхатга олиш ишларини мувофиқлаштирувчи рўйхатга олиш участкалари мудирларининг, давлат статистика органлари ходимлари таркибидан супервайзерлар (назоратчи инструкторлар)нинг тайинланишини таъминлайди;

в) жойлардаги туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда, рўйхатга олувчи ходимларни ўқитишни, шунингдек, рўйхатга олиш варақаларини синов кўринишида тўлдириш бўйича амалий машғулотларни, кейинчалик хатоликларни таҳлил қилиш ва юзага келган қийинчиликларни тушунтириш орқали ўтказилишини (ўқитиш ишлари ўқитилаётган ходимларнинг ўрганилаётган материални тўғри ўзлаштирганликлари ва рўйхатга олиш ишларига тайёр эканликларини синовдан ўтказгандан сўнг якунланади) амалга оширади;

г) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

рўйхатга олиш натижаларини қайта ишлаш бўйича моддий-техник воситаларни сотиб олиш, сервер ускуналари, рўйхатга олиш варақаларини машинада ўқишни таъминловчи сканерлар ва бошқа офис техникалари билан таъминлаш бўйича тендерлар ташкил этиш ва ўтказилишини таъминлайди;

аҳолини рўйхатга олиш варақалари маълумотларини киритиш ва қайта ишлаш бўйича автоматлаштирилган тизим яратади;

аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари натижаларини олиш бўйича дастурий воситаларни ишлаб чиқади;

д) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентликлари билан биргаликда, аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилиши ҳақида аҳолини хабардор қилиш, рўйхатга олиш тадбирларида фаол иштирок этиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, шиорлар чиқариш ва бошқа шу каби тадбирларни амалга ошириш бўйича ишларни мувофиқлаштиради.

Бу тадбирга нафақат статистика органлари ходимлари, балки республиканинг бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳам аҳолини рўйхатга олиш ишларида бевосита иштирок этадилар. Жумладан:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материалларнинг (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режаси, маъмурий туманлар харитаси) тайёрланишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги аҳолини рўйхатга олиш варақаларини ва бошқа ҳужжатларни сақлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг йиғма ҳужжатларини қайта ишлангандан сўнг доимий сақланишини юритади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қуйидагиларни амалга оширади:

аҳолини рўйхатга олишга жалб этилган шахсларнинг тўлиқ хавфсизлиги ва рўйхатга олиш материалларининг сақланишини таъминлайди;

рўйхатга олишни ўтказиш даврида аҳолини рўйхатга олиш органларининг бинолари ва юкларини қўриқлашни амалга оширади;

аҳолини рўйхатга олиш органлари билан биргаликда, рўйхатга олишни ўтказиш учун зарур маълумотларни беришдан бош тортган ёки корхона ва ташкилот ҳудудига киритишга тўсқинлик қилган шахсларга нисбатан маъмурий таъсир чоралари кўриши мумкин.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари зиммаларига ҳам бир қатор вазифалар юклатилган бўлиб, улар қуйидагиларни амалга оширадилар:

рўйхатга олиш тадбирига жалб этилган шахсларнинг ўқиши ва ишлаши учун яроқли бўлган мебеллар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган вақтинчалик бинолар ҳамда аҳолини рўйхатга олиш варақалари ва бошқа ҳужжатларни вақтинчалик сақлаш учун қўриқланадиган бинолар ажратади;

аҳолини рўйхатга олиш участкаларини зарур транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлайди;

давлат кадастри ва давлат статистика органлари билан биргаликда, доимий яшовчи аҳоли сонини кўрсатган ҳолда аҳоли пунктларининг тўлиқ рўйхатини тузадилар.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича алоҳида ишлар жалб этилган пудрат ташкилотлари томонидан маҳсулотлар ва хизматлар сотиб олиш бўйича ўтказилган танлов асосида бажарилади, яъни: аҳоли ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш; картографик материалларни чоп этиш; рўйхатга олиш материалларини чоп этиш; моддий-техник таъминлаш; рўйхатга олиш материалларини ташиш; технологик-лойиҳа ишларини ўтказиш ва дастурий таъминотни ишлаб чиқиш; рўйхатга олиш варақалари маълумотларини киритиш, автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлаш ва бошқалар.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш ва ўтказишга кўмаклашиш учун зарур ҳолларда қўшимча равишда бошқа вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар жалб этилиши мумкин.

Хўш, Республикамизда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш бизга нима беради?

Биринчидан, маълум бир санада аҳолининг аниқ сони (ёши ва жинси таркиби, фуқаролиги, миллий таркиби (кенг қамровли), барча аҳоли пунктлари бўйича сони, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, иқтисодий фаол аҳоли, аҳоли бандлиги (касби ва мутахассислиги) ва ишсизлиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги бўйича батафсил маълумот олинади.

Иккинчидан, аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблашда (ялпи ички маҳсулот, аҳоли даромадлари, саноат маҳсулоти ҳажми, истеъмол маҳсулотлари ҳажми, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) ишлатилади.

Учинчидан, аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади.

Тўртинчидан, Республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот сифатида фойдаланилади.

Бешинчидан, статистика идоралари томонидан ташкил этиладиган танлама кузатувларни ташкил этишда маълумотлар базаси сифатида қўлланилади.

Олтинчидан, Миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш кўрсаткичларини шакллантириш ва мониторингини юритишда хизмат қилади.

Еттинчидан, аҳоли пунктларининг инфратузулмасини яхшилашда, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта 
ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурларни ишлаб чиқишда фойдаланилади.

Саккизинчидан, Халқаро ташкилотлар ва фойдаланувчилар томонидан амалга ошириладиган таҳлиллар учун кенг қамровли ахборотлар манбаи ҳисобланади.

Бундай маълумотлар ижтимоий-иқтисодий жараёнларни прогноз қилиш, бандлик соҳасидаги сиёсатни белгилаш, ижтимоий сиёсат ва аҳоли саломатлиги бўйича дастурларни яратишда, шунингдек давлат ҳокимияти органларининг вазифаларини бажариши, фан ва жамиятни ахборот билан таъминлаш учун зарурдир.

 

Туман статистика

бўлими бошлиғи    Ш.Холназаров

3 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?
Аъло
7%
Яхши
6%
Қониқарли
14%
Қониқарсиз
100%
Жами: 6482 овоз берилди.

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси