Узун тумани ҳокимлиги
“Судлар тўғрисида”ги янги қонун: асосий ўзгаришлар нималардан иборат.

2021 йил 28 июль куни янгидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни айни шу мақсадларни ўзида мужассамлаштирган бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, дейишга барча асослар бор.  

Қонун 101 моддадан иборат бўлиб, расмий эълон қилинган кундан, яъни 2021 йил 29 июль кунидан қонуний кучга кирди.

“Судлар тўғрисида”ги янги қонуннинг эски таҳрирдаги қонундан асосий фарқлари ва ўзига хос хусусиятларининг айрим жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.  

Қонундаги асосий янгилик Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 24 июль куни имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли фармонда белгиланган ташкилий-тузилмавий ислоҳотлардан келиб чиққан бўлиб,  қонуннинг 2-моддасида судларнинг янги тизими белгиланди. Шунга мувофиқ, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб фуқаролик, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар иқтисодий судлари бирлаштирилганлиги ҳамда туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилганлиги муносабати билан суд тизимида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар  ва Тошкент шаҳар судлари, шунингдек туманлараро маъмурий судлар кўрсатиб ўтилди.    

Шунингдек, қонуннинг судьялар корпусини шакллантиришга бағишланган 5-моддасида судьялар корпусини шакллантириш судьяларнинг мустақиллиги принципига қатъий мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилиши, кенгашни ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби алоҳида қонун билан белгиланиши назарда тутилган.  

Бундан ташқари, судьяларнинг мустақиллиги, қонун ва суд олдида тенглик, суд ҳужжатларининг мажбурийлиги, суд ишларини юритишнинг ошкоралиги, суд ишлари юритиладиган тил, суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқи, айбсизлик презумпцияси каби судлар фаолиятининг принципларига қўшимча равишда қонунийлик деб номланган 8-моддада Ўзбекистон Республикасида одил судлов қонунга қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилиши белгиланган бўлса, суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқи назарда тутилган  17-моддада тарафлар ва қонунда назарда тутилган бошқа шахсларнинг суд ҳужжати устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканликлари мустаҳкамлаб қўйилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўлланган мурожаатномада ҳамда унинг ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йил 24 июль куни қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли фармонда белгиланган 2021 йил 1 январдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичларини қисқартириш ва одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш институтини тугатиш вазифасининг амалий ифодаси сифатида янги қонуннинг 28-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг ваколатларида ишларни назорат тартибида кўриш назарда тутилмаган ҳамда назорат инстанцияси ўрнига кассация инстанциясида ишларни такроран кўриш институти жорий этилганлиги муносабати билан қонуннинг 29-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари ишларни биринчи инстанция, апелляция ва кассация тартибида, шу жумладан кассация инстанцияси судида такроран кўриши белгиланди.

Қонуннинг 3-боб 32-38-моддаларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар  ва Тошкент шаҳар судларининг таркиби, ваколатлари, Раёсат ва судлов ҳайъатларининг вазифалари, суд раисининг ҳамда раис ўринбосарлари – судлов ҳайъатлари раисларининг ваколатлари аниқ ва равшан белгилаб берилган.

Янги таҳрирдаги қонун билан киритилган соҳага киритилган ўзгартишлардан яна бири бу судьялик лавозимига номзодларга нисбатан белгиланган талабларнинг кучайтирилганлигидир. Хусусан, эски таҳрирдаги қонуннинг 61-моддасига кўра, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси илк маротаба судьялик лавозимига тайинлиниши мумкин бўлган бўлса, янги таҳрирдаги қонуннинг 67-68-моддаларига асосан ўттиз беш ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган ва юридик ихтисослик бўйича камида етти йиллик меҳнат стажига эга бўлган  

Ўзбекистон Республикаси фуқароси туманлараро, туман, шаҳар судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкинлиги белгиланди. Бу судьялик лавозимининг ўта масъулиятли вазифа эканлиги билан бевосита боғлиқ.

Шуни ҳам айтиш керакки, илгари судьяларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган интизомий жазо чоралари қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинган бўлса, янги таҳрирдаги қонуннинг 74-77-моддалари судьянинг интизомий жавобгарлиги масаласини тартибга солишга қаратилган бўлиб, 76-моддада интизомий жазо чораларининг турлари аниқ белгилаб берилди.

Янги таҳрирдаги қонунда судьялар билан бирга улар оила аъзоларининг моддий ҳамда ижтимоий ҳимояси назарда тутилганлиги, судьяларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда уй-жой ижараси билан боғлиқ тўловларнинг тўлаб берилиши қонун доирасида тартибга солинганлиги, судьялар ва улар оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича кўрилган чоралар судьяларни одил судловни таъминлаш борасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб ҳисобланади.  

Ҳудди шунингдек, қонуннинг янги таҳрирда ҳам судьяларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, судьялар мустақиллигининг асосий кафолатлари, судьянинг дахлсизлиги, судга ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик, судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва муддатидан илгари тугатиш, судьялар малака ҳайъатлари фаолияти ва соҳани тартибга солиш билан боғлиқ бошқа муносабатлар тўлиқ тартибга солинган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонуни суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судловнинг судьялар томонидан фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширилишини, суд мажлисларининг ошкора ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини суд йўли билан кенг ҳимоя қилиш ва шу орқали шахсларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилгандир.

ЖИБ Узун туман судининг раиси: О.К.Жуманов

ЖИБ Узун туман судининг девонхона мудири:  А.Саъдуллоев

1 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси