Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлаш, ипакчиликни янада ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор ўтказилди.
Йиғилишда таъкидланишича, сўнгги тўрт йилда 52 минг гектарда янги токзорлар ташкил этилиб, соҳага 210 миллиард сўм субсидия ажратилди. Натижада, мева-сабзавотлар экспортида узумнинг улуши 2 баробарга кўпайди.
Бугунги кунда 90 минг гектар майдонда узум етиштирилиб, бу плантацияларда 900 минг аҳолининг доимий ва мавсумий бандлиги таъминланган.
Давлат раҳбари асосий мақсад одамларнинг иш ҳақини кўпайтириш эканини айтиб, шу мақсадда 44 та туман узумчиликни ривожлантириш бўйича эксперимент сифатида танлаб олинганини маълум қилди.
Масъулларга Олтиариқ ва Фориш тажрибаси асосида Элликқалъа, Асака, Жалақудуқ, Булоқбоши, Ғиждувон, Шофиркон, Қоракўл, Пешку, Фориш, Янгиобод, Зомин, Ғаллаорол, Китоб, Шаҳрисабз, Чироқчи, Яккабоғ, Қамаши, Хатирчи, Нурота, Қизилтепа, Поп, Чортоқ, Янгиқўрғон, Косонсой, Булунғур, Каттақўрғон, Қўшработ, Иштихон, Ургут, Тойлоқ, Пайариқ, Узун, Сариосиё, Олтинсой, Сирдарё, Ховос, Мирзаобод, Паркент, Қибрай, Тошкент, Олтиариқ, Қўштепа, Фарғона ва Боғот туманларида (жами – 44 та) бу каби ишларни ташкил этиш топшириғи берилди.
Бу туманларнинг ҳар бирида йил якунигача камида 1 минг гектардан янги экспортбоп плантациялар ташкил этилади. Туман ҳокимлари 10 кун муддатда узум етиштириш тажрибасига эга бўлган тадбиркорларни танлаб олиб, лойиҳаларни ғалла ва пахтадан қисқарадиган, янги ўзлаштириладиган ҳамда эски боғ ва токзорлар ўрнига жойлаштиради.
© Узун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024
2 изоҳ