Қонунга асосан 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, унинг янги таҳрири тасдиқланди.
Конституциявий Қонун референдум якунлариЎзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан расмий эълон қилинган кундан эътиборан 2023 йил 1 майда кучга кирди.
Конституция нормалари тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъи назар, тўғридан-тўғри амал қилади.
Амалдаги чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтдан эътиборан ўз фаолиятини янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ваколатларга мувофиқ амалга оширади.
Конституциянинг 92-моддаси учинчи қисмининг Олий Мажлис Сенатининг сайланадиган (тайинланадиган) аъзолари сонини белгиловчи қоидалари 2024 йилда навбатдаги чақириқдаги Сенат шакллантирилиши бошланганидан амалга киритилади.
Конституциянинг 120-моддаси учинчи қисми вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслигини назарда тутади. Маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг изчиллиги ҳамда узлуксизлигини таъминлаш учун ушбу норма:
вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органларига нисбатан – 2024 йилда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг навбатдаги сайловлари якунлари бўйича;
туман ҳамда шаҳар вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органларига нисбатан – 2026 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.
Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликни Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурини икки ойлик муддатда ишлаб чиқиш топширилди.
Янгиланган Конституция мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир.
Конституцияда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгилди. Бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади.
Бинобарин, қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур. Бунга кўра, инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилади.
Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича нормалар белгиланди.
Хусусан, Конституцияда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланди. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади.
Бундан ташқари, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланди.
Сариосиё туманлараро иқтисодий судининг раиси
Н.Н.Муротов
© Узун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024