Узун тумани ҳокимлиги
Янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқларининг мустаҳкам кафолати

“Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди”. Ушбу ҳаққоний эътироф Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 16 ноябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишда алоҳида таъкидланди.
Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституциямизни ёқлаб овоз бергани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди, шу билан бир қаторда, Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганини ифода этади.
Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқининг ваколатли вакиллари бўлмиш парламент аъзолари, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари томонидан қабул қилинганини биламиз. Бундан фарқли ўлароқ, мамлакатимиз Асосий Қонунининг янги таҳрири бевосита умумхалқ референдумида — тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан қабул қилинди. Шу маънода, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ҳақиқий муаллифи халқнинг ўзидир. Фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эса ислоҳотларнинг манбаи ва ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.
Янги таҳрирдаги Конституция 7-моддаси биринчи бандида «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи», деган норма белгилаб қўйилган. Бу норма тимсолида Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумэътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини англатувчи тамойил мустаҳкамлаб қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистон — инсон шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланган давлат бўлиши; халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши; «одамлар ташвиши билан яшаш», халқимизнинг қонуний талаб-истаклари ва хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш давлат органлари фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим мезонига айланиши; барча муҳим қарорлар аҳоли иштирокида, фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашув асосида қабул қилиниши каби принцип ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Демократиянинг талабу таомили ва устунлиги ҳам шунда. Бунда қонун чиқарувчи ва ижро органларидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш; демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент ва сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш; ҳокимият тармоқларини тийиб туриш ва мувозанатни сақлашда парламент ролини ошириш; давлат хизматлари сифати ва самарадорлигини яхшилаш, давлат органлари фаолиятининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда парламент ва жамоатчилик назорати механизмларини амалга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
Давлат органлари халққа хизмат қилиши керак!
Юқорида айтиб ўтилган модданинг иккинчи банди биринчи қисмида белгилаб берилган Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилиши тўғрисидаги норма ҳам айтиб ўтилган фикрларнинг тасдиғидир. Ҳеч шубҳасиз, ушбу нормалар мамлакатимизда халқ ҳокимиятчилигининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда халқимиз хоҳиш-иродаси ва инсонларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Мазкур модданинг иккинчи бандида яна бир умумэътироф этилган тамойил мустаҳкамланган. Унга кўра давлат ҳокимияти фақат «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган органлар томонидангина амалга оширилади».
Конституциядаги ушбу қоидалар 10-модданинг «Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин», деган биринчи бандида янада аниқ ифода этилган ва чуқур очиб берилган. Яъни жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.
Ушбу нормалар талқини асносида шуни таъкидлаш ўринлики, инсоният тажрибаси негизида демократиянинг икки тури ишлаб чиқилган. Булардан бири — тўғридан-тўғри, яъни бевосита демократия бўлса, иккинчиси — сайланган вакилларнинг тегишли муассасалари орқали амалга ошириладиган вакиллик демократиясидир.
Шунга кўра Ўзбекистонда бошқарув давлат ҳокимиятининг уч тармоқдан иборат тизими орқали амалга оширилади: Олий Мажлис қонун чиқарувчи вакиллик органи сифатида қонунларни қабул қилади, Вазирлар Маҳкамаси бошчилигидаги ижро ҳокимияти уларнинг ижросини таъминлайди, судлар одил судлов органлари сифатида низоларни қонун асосида ҳал қилади. Ушбу органларнинг ҳар бири муайян доирадаги ваколатларга эгадир.
Янги Ўзбекистон — демократик ва ҳуқуқий давлат
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 7-моддаси учинчи бандида: «Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият органлари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади», деб белгиланган.
Конституциямизда Европа, Осиё, Шарқ ва Америка минтақаларида жойлашган дунё давлатларининг ижобий конституциявий тажрибаси ўз аксини топган. Асосий Қонунимиз ҳуқуқшунос олимлар, сиёсатшунослар, кўплаб халқаро ташкилотлар мутахассислари томонидан синчиклаб ўрганилган бўлиб, унга инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ нормалари қўшимча равишда уйғунлаштирилгандир.
Ишончимиз комилки, халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар холис ва тўғри таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрирда қабул қилиниши "Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун" тамойили асосида халқ фаровонлигини янада юксалтириш, инсон, фуқаролик жамияти ва давлатни жадал ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.
 
 
Сариосиё туманлараро иқтисодий судининг
Девонхона мудири
А.И.Тошхўжаев

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси