Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланиши омилларидан бири кичик бизнес субектларининг ривожланишини таъминлашдан иборат. Бу тармоқ бозор констюктурасининг ўзгаришига тез мослаша олиши, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, ўрта мулкдорлар синфини шакллантириш билан ажралиб туради.Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган меъёрий ҳужжатларда кичик бизнес субектларига янада кенг шарт-шароит яратиш, уларнинг эркин фаолият юритишини таъминлаш ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва либераллаштиришни чуқурлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ўз ифодасини топиб, кичик бизнес субектларининг фаоллигини оширишга ва миллий иқтисодиётни ривожлантиришда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг “Тараққиёт стратеги-яси”нинг 29-мақсадида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлашга оид қуйидагилар белгиланган: тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш, хусусий сектор ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга, экспортдаги улушини эса 60 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Кичик бизнес субектлари фаолиятини ривожлантириш Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Кичик бизнес кўп капитал талаб қилмайдиган иқтисодий фаолият сифатида, капитал танқислиги шароитида ресурс айланмасининг юқори суръатларини таъминлайди, иқтисодиётни қайта қуриш, иқтисодий беқарорлик ва чекланган шароитларда истеъмол бозорини шакллантириш ва ресурсларни тез ва тежамкор тарзда тўлдириш муаммосини ҳал қилади. Кичик корхоналар бозор талабининг ўзгаришига дарҳол мослашади ва шу билан истеъмол бозорида зарур мувозанатни таъминлайди.
© Узун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024