Хoрижий мaмлaкaтлaр aдвoкaтурa институтлaри қиёсий-ҳуқуқий тaҳлили турли мамлакатлардаги мазкур институтнинг ўзига хос ва бир-биридан фарқловчи хусусиятларини аниқлашга ёрдам беради.
Юридик фанда қиёсий-ҳуқуқий таҳлил турли ҳуқуқий тизимлар, шу жумладан адвокатурани ўрганишнинг муҳим усулларидан биридир. Таҳлилнинг бу турини қўллаш турли ҳуқуқий тизимлардаги адвокатуранинг умумий, алоҳида ва муштарак хусусиятларини аниқлаш имконини беради.
Турли мамлакатлардаги адвокатура институтини ўрганишда қиёсий-ҳуқуқий таҳлилни қўллаш тизимли ва аниқ мақсадни қўзлаб амалга оширилгандагина ўз олдига қўйилган вазифаларни муваффақиятли амалга ошира олади.
Адвокатура институтини ўрганишда қиёсий-ҳуқуқий таҳлилнинг турли шакллари қўлланилади. Адвокатура тарихини ўрганишда тарихий қиёсий-ҳуқуқий таҳлил қўлланилиб, адвокатуранинг ривожланиши қонуниятининг тарихий жиҳатлари ўрганилади. Кўпчилик ҳолатларда эса қиёслаш предмети турли давлатлардаги амалдаги адвокатура институти бўлади. Бу таҳлил адвокатура институтининг ҳозирги замонда ривожланиш тенденцияларини ўрганишга хизмат қилади.
Адвокатурани қиёсий-ҳуқуқий таҳлил этишнинг объектлари хилма-хил бўлиши мумкин. Қиёсий тадқиқотнинг объектига қараб, у турли даражада ўтказилиши мумкин.
Биринчи, нисбатан энг паст даражадаги тадқиқот – бу адвокатура тўғрисидаги ҳуқуқий нормаларни қиёслаш (микроқиёслаш)дир. Бунда қиёслашнинг объекти бўлиб, турли давлатларнинг адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳисобланади. Бу даражадаги қиёслашда кўпчилик ҳолларда тегишли қонун ҳужжатларининг юридик-таҳлил жиҳатлари қиёсланади.
Иккинчи, ўрта даражадаги тадқиқотда адвокатура ҳуқуқий институтлари қиёсланади. Бунда адвокатура институтлари, бутун ҳуқуқий тизим билан боғлиқ ҳолда адвокатлик фаолияти кафолатлари ва адвокатларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари тадқиқот (қиёслаш) объекти бўлиб, хизмат қилади.
Учинчи, юқори даражадаги тадқиқотга адвокатура институтлари ҳар томонлама қиёсланади (макроқиёслаш). Бунда турли ҳуқуқий тизимлардаги ҳозирги замон адвокатура институтлари уларнинг шаклланиши ва фаолият кўрсатиши жараёни, фаолиятининг асосий принциплари ва ҳуқуқий тартибга солиш манбалари, ижтимоий ҳимоя ва адвокатлик касбининг обруйи, адвокатлик амалиёти нуқтаи назаридан таҳлил қилинади. Тадқиқотнинг бу турли адвокатура институтлари ҳақида нисбатан тўла ва илмий асосланган хулосалар чиқариш ҳамда уни янада ривожлантиришга йўналтирилган таклифлар ишлаб чиқиш имконини беради.
Қисқача килиб айтганда, турли ҳуқуқий тизимлар ва мамлакатлардаги адвокатура институтларини қиёсий-ҳуқуқий таҳлил ёрдамида ўрганиш биринчидан, ҳозирги замонда адвокатуранинг роли, функцияси ва ривожланиш қонуниятларини тушуниб етишга, иккинчидан, адвокатлик фаолиятининг ҳуқуқий асосларини, адвокатлик фаолияти амалиётини такомиллаштиришга, учинчидан, адвокатура институти билан боғлиқ назарий билимларни ўрганиш, адвокатларнинг умумий ва касбий маданиятини оширишга кўмаклашади.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси Ж.Убайдуллаев
© Узун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024