Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистон жамиятининг эволюцион ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат бўлиб, бу иш мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир.
Сўнгги олти йилда эришган ютуқларимизни, хусусан, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммолар ҳал қилингани, қўшниларимиз билан орамиздаги 25 йиллик “музлар эригани” ва бошқа ижобий ҳаракатлар ортга қайтмаслигининг конституциявий ҳимоясини таъминлаш зарур. Бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун, уларни, албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйиш талаб этилмоқда.
Ҳаммамиз гувоҳи бўлаяпмизки, дунёда ҳар куни кутилмаган хавф-хатар ва таҳдидлар юзага чиқяпти. Бугунги зиддиятли жараёнлар, иқтисодий қарама-қаршиликлар қачон ва нима билан тугашини башорат қилиб бўлмайди. Ҳатто, айрим давлатларнинг дунё харитасида қолиш-қолмаслиги савол остида қолаётгани ҳам сир эмас. Жаҳондаги қарийб 100 миллион одам ўз ҳаётини сақлаш учун бошқа юртларда бошпана излаб юргани, озиқ-овқат етишмаслиги, энергия ресурслари тақчиллиги, пандемия каби глобал муаммолар ривожланган давлатлар аҳолисини ҳам жиддий ўйлантирмоқдаки, буларнинг бари бизга ҳам таъсир кўрсатмаслиги мумкин эмас.
Қолаверса, минтақамиздаги вазият ҳам бизни жиддий ташвишга солмай қўймайди: ёнгинамизда қарийб 50 йиллик нотинчлик давом этяпти.
Эътибор берсак, мамлакатимиз ҳар жиҳатдан катта давлатга айланмоқда. Аҳолимиз 2040 йилга бориб 50 миллионга етади, жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилади. Уларга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим.
Булар ва бошқа кўпдан-кўп муаммолар ечими мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворни – Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясини тақозо этади.
Оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши учун кенг имконият ва кучли ҳимоя тақдим этилмоқда.
Хусусан, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланмоқда. Ушбу норма журналистларнинг эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлайди ҳамда мамлакатимизда ахборот эркинлигини янада юксалишига, жамиятда очиқлик ва ошкоралик, қонунийлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Пировардида, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга, кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга ва сўз эркинлигини таъминлашга эришилади.
Шунингдек, Конституцияда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланмоқда.
Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиши ва улар фаолияти кафолатларининг белгиланиши жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.
Сариосиё туманлараро иқтисоди
суди девонхона мудири
Тошхўжаев Аббосхўжа
© Узун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024