Узун тумани ҳокимлиги
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омили

Хусусан, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилди.

Мамлакатимизни демократик янгилашнинг ҳозирги босқичдаги муҳим йўналишларидан бири - қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва эркинлаштиришдан иборат. Зеро, суд - одил судловнинг олий нуқтаси ва унинг ролини ошириш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараён, айнан шундай ёндашув туфайли бу соҳадаги ишлар кўлами, миқиёси ва самарадорлиги кейинги даврда ниҳоятда кенгайиб, янги босқичга кўтарилмоқда.

2001 йилдан бошлаб ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётига ярашув институти киритилган соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлди. Ўлим жазоси бекор қилиниб, унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо тури жорий этилгани мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш ва янада инсонпарварлаштириш йўлидаги яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди.

Дастлабки тергов босқичида суд назоратини кучайтириш, мазкур соҳада суд фаолиятини либераллаштириш бўйича ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилди. Бу борада «Хабеас корпус» институтининг жорий этилиши, яъни 2008 йилдан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши, лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш амалиёти жорий қилинганлиги принципиал қадам бўлди. Бу фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз экани, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги ҳақидаги конституциявий норма амалда рўёбга чиқишининг яққол ифодасидир.

Бундан ташқари, жиноят-процессуал кодексида белгиланган эҳтиёт чораларининг доираси кенгайтирилди. Яъни, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси жорий этилиб, шахсга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ва унинг муддатини узайтириш судлар ваколатига берилди, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг жазо тизимига алоҳида турдаги жазо сифатида озодликни чеклаш жазоси киритилди.

            Эътироф этиш керак, давлатимиз раҳбарининг судлар томонидан ҳукм қилинган маҳкумларни афв этиш тўғрисидаги Фармонлари халқимизнинг инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик каби ўзига хос қадриятларининг чин маънодаги юксак намунаси бўлмоқда. Бунга жойларда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар, аҳоли билан бевосита мулоқотларда оддий одамлар билдираётган миннатдорлик сўзлари яққол мисол бўла олади.

            Бундан кўзланган мақсад - фақат маҳкумларни ёки билиб-билмай жиноятга қўл урган шахсларни жазодан озод қилиш эмас, балки улар туфайли жабр тортадиган ҳар бир оила ва оила аъзолари, айниқса, ўсиб келаётган ўғил-қизларнинг келгуси тақдирини ҳамда уларнинг келажагини турли салбий таъсир ва жиддий синовлардан ҳимоя қилишдан иборатдир.

            Узоққа бормасдан, сўнгги йиллар давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилган ислоҳотларга тўхталсак.

            Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ ҳамда ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш борасида янги даврни бошлаб берди.

            Жиноят, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш, суд муҳокамасини адолатли ва ўз вақтида ўтказиш, жазонинг адолатли ва инсонийлиги кафолатларини кучайтиришни инобатга олган ҳолда одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ўзгартишлар киритилди.

            “Хабеас корпус” институти қўлланишини янада кенгайтириш доирасида прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилди. Бу ўзгартишлар инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига тўла мос келади.

            Судда иш юритиш тезкорлиги ва сифатини ошириш, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз кечиктиришни бартараф этиш, судларнинг жиноят процессидаги ролини оширишга қаратилган янгилик сифатида суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институтининг бекор қилинганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

            Шунингдек, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш, суд процесси муддатлари ва сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ортиқча оралиқ инстанцияларни бартараф этиш мақсадида вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялари тугатилиб, ўз навбатида тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш ваколати бекор қилинди.

            Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган янги суд тизими, маъмурий судлар шакллантирилди.

            Мамлакатимизда хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудларда ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколати бўлган туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари ташкил этилди.

            Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши Ўзбекистонда суд ҳокимиятини ягона тизим сифатида тубдан такомиллаштириш, одил судловни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ ҳамда ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида муҳим ҳужжат бўлди.

            Фармонга мувофиқ номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган органнинг мақоми ҳамда ваколатларини ошириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.

            Бундан ташқари 2017 йил 1 июндан эътиборан Олий суд ва Олий хўжалик судини бирлаштириш йўли билан фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи - Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди.

            Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида 2018 йил 4 апрелдаги қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига фойдаланишни тақиқловчи бутунлай янги – “Далилларнинг мақбул эмаслиги” ҳақидаги 951-моддаси киритилди.

            Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, далилларни сохталаштирганлик (қалбакилаштирганлик) учун Жиноят кодекси 2301-моддасига асосан жиноий жавобгарлик белгиланди, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаганлик, ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун Жиноят кодекси 235, 237 ва 238-моддаларида назарда тутилган жавобгарлик кучайтирилди.

            Бундан ташқари, ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечиришни, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов экспериментини видеоёзув тарзида мажбурий қайд этиш тўғрисидаги, шунингдек, суд муҳокамаси жараёнида стенография юритиш ҳақидаги талаблар киритилди. Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган усуллар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар прокурор ёки суд томонидан суд-тиббий экспертизаси ёхуд бошқа экспертиза ўтказган ҳолда мажбурий текширилиши лозим бўлган тартиб белгиланди.

            Судларнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлари қониқарсиз даражада ташкил этилганлиги суд фаолиятини лозим даражада ёритиш имконини бермаётганлиги ҳамда аҳолининг суд ҳокимиятига ишончи пасайишига олиб келаётганлиги, шунингдек, судьяларни моддий таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг амалдаги тизими суд ҳокимиятининг алоҳида мавқеи ва обрўсига, судьялар мустақиллиги принципларига мувофиқ эмаслиги касбий ўсишни янада рағбатлантиришга тўсқинлик қилиб, кадрлар қўнимсизлигига олиб келаётганлиги инобатга олиниб, 2018 йил 13 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони қабул қилинди.

            2020 йилнинг 24 июль куни Президентимиз томонидан имзоланган "Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармон соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг давоми бўлди.

            Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августдаги "Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ ҳамда ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш борасида янги даврни бошлаб берди десак, муболаға бўлмайди.

            Маълумки, судья мустақил бўлса, қонунга сўзсиз буйсунса, маъсулиятни чуқур ҳис қилса, беғараз ва холис бўлгандагина адолат ўрнатилади.

            2020 йил 7 декабрь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самардорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон суд тизимида етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлашда ҳамда судьялар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширишга замин яратди.

            Суд органлари фаолиятини молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва судьяларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида 2021 йил 13 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд органлари фаолиятини молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

            Мамлакатимизда тергов фаолиятида «Инсон қадри учун» деган эзгу ғояни тўлиқ рўёбга чиқариш, жиноятларни ўз вақтида фош этишни ташкил этиш тергов органларининг фаолиятини қонун устуворлигини ва қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлаш тамойили асосида такомиллаштиришнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланганлиги инобатга олиниб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва замон талабларига жавоб берадиган тергов соҳасидаги юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимининг самарадорлигини тубдан ошириш, Янги Ўзбекистон шароитида жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш амалиётини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ушбу йўналишга илғор халқаро стандартлар ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 2022 йил 28 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

            Зеро, чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ва адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқалигина халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, суддан, пировардида эса давлатдан рози бўлишига эришиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас.

            2022 йил 20 декабрда Президентимиз мурожаатномасида юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш масалаларга алоҳида тўхталиб, эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритилиб, давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизимининг тўлиқ ишга туширилишини таъминлаш, қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратиш, одамларимизнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам бериш учун адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ва масъулиятини ошириш, тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказиш, тергов сифатини ошириш, тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаш тизимига ўтиш, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантириш, жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилиш амалиётини йўлга қўйиш, айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизимни жорий қилиш, вақтинча ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши олдини олиш мақсадида жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизимини жорий этиш ва юзни таниш ускунаси ўрнатиш, илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, бу борада Халқаро тижорат судини Ўзбекистонда ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошлаш юзасидан аниқ таклифлар ва кўрсатмалар берилганди.

            Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, 2023 йил 16 январда Президентимиз томонидан имзоланган иккита тарихий ҳужжат, яъни “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ва ушбу Фармон ижросини самарали таъминлаш мақсадида имзоланган “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон, мурожаатномада билдирилган таклифларнинг ижросини амалда таъминлашга қаратилган.

            Фармонга кўра, 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқлади ва “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш устувор вазифалари этиб белгиланди.

            2023 йил 30 апрелдаги умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича "Миранда қоидаси": шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтириш бериш шартлиги, "Хабеас корпус" институти: шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ўлим жазоси тақиқланиши, шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмаслиги, маҳбусларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шартлиги, маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари – қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши кераклиги, суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги кераклиги, иморат бузилишга тушганда бузишдан олдин унинг қийматига мос компенсация тўланиши шартлиги, уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилиши ҳақидаги қатъий нормалар киритилди.

            Ўз навбатида, Конституция тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳужжат бўлиши, яъни унинг нормаларини судларда тўғридан-тўғри қўллаш амалиётини йўлга қўйиш мақсадида, бу масала юзасидан Олий суд Пленумининг қарори қабул қилинди.

            Суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, Конституция устуворлиги, қонун олдида тенглик, инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, суд жараёнида тортишув тамойилларини татбиқ этиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, «Хабеас корпус» институтини кенгайтириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш бўйича амалга ошириб келинаётган чора-тадбирлар айнан «Инсон қадри учун» ғоясини амалга оширишга қаратилган.

            Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш судлар зиммасига катта маъсулият юклайди. Ҳар бир иш жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилиб, инсон тақдирини ҳал қилишда чуқур маъсулият билан қонунийлик ва инсонпарварлик нуқтаи-назаридан ёндашилмоқда.

            Дарҳиқиқат, бугун юртимизда олиб борилаётган барча йўналишдаги ислоҳотларнинг марказида инсон омили турибди. Бу ҳаётий ҳақиқатни Прзидентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасидаги “Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳатларнинг бош мақсади этиб белгиланди”-деб, билдирган сўзлари ҳам исботлаб турибди.

            Зеро, ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу муқаддас заминда истиқомат қилаётган ҳар бир инсонинг орзуларини рўёбга чиқариш ҳамда унинг учун муносиб турмуш шароитларини яратишдан иборат экан, ҳар биримиз бу борада зиммамиздаги улкан масъулиятни тўла ҳис этиб, масъулиятли вазифаларни сидқидилдан, ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, халқимиз ва Президентимиз олдида берган қасамёдимизга ҳамиша содиқ қолишга ваъда берганлигимизни унутмаслигимиз, шу эзгу мақсадларга хизмат қилишни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантириб, дахлдорлик ҳисси билан меҳнат қилишимиз даркор.

Бу эса жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони камайишига, одамларда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият ошишига, бевосита халқ манфаатларини рўёбга чиқаришга, унинг турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилади. Бунга мажбурият деб эмас, аксинча кундалик фаолият ва ҳаёт тарзи сифатида қараш талаб қилинади.

Жиноят ишлари бўйича

Узун туман суди судья ёрдамчиси                              У.Б.Сатторов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси