Узун тумани ҳокимлиги
“Яшил” энергетикани ривожлантириш тоза экологияни таъминлашда муҳим омилддир!

Бугун инсоният янги таҳдидлар олдида турибди. Ер шари аҳолиси муттасил кўпайишда давом этяпти, табиий ресурслар захираси эса шиддат билан қисқармоқда. Бундай диспропорция дунё мамлакатларини танг аҳволга солиб қўяётганини кузатишимиз мумкин. Бугун дунё мамлакатлари жуда катта куч билан яшил энергетик (қайта тикланувчи энергия манбалари) тизимига ўтишга урғу бермоқда. Бунинг икки муҳим асосий сабабини кўришимиз мумкин. Биринчиси дунё миқёсида энергия ҳосил қиладиган манбаларни тугаётганлиги бўлса, иккинчи сабаби атмосферага зарарли чиқинди газларни чиқарилиши натижасида хавони кескин ифлосланиши ва глобал иқлим муаммоларини вужудга келишидир. Экспертлар вазиятни ўнглаш учун жаҳон иқтисодиётида “яшил тараққиёт” тамойилларини жорий этиш зарурлигини таъкидламоқда. Мазкур ёндашув БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларида ҳам ўз ифодасини топган. Бу борада мамлакатимизда ҳам давлатимиз раҳбари бошчилигида жиддий ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Маълумки 2019 йилда Ўзбекистон “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси”ни қабул қилди. Яқин ўн йилда мамлакатда углерод сарфини кескин камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида экологик тоза ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи, самарали энергия манбаларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, Ўзбекистон углеводород энергияси – нефть, газ, кўмирдан фойдаланиш ҳисобига ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг камида 4,5 фоизини йўқотмоқда. Қолаверса, мамлакатдаги энергия ишлаб чиқарувчи қувватларнинг салкам ярми эскирган. Уларни тиклаш ёки модернизациялаш катта маблағни талаб қилади. Бунинг ўрнига ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан самарали ҳисобланган “яшил энергетика”га ўтиш минг чандон афзал. Ахир, бутун дунё шу йўлни танлаяпти. Эътиборлиси, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларидан биринчи бўлиб мазкур ҳаракатга қўшилди. Моҳиятан олиб қараганда, икки йил аввал қабул қилинган “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси” юртимизнинг “яшил тараққиёт” сари юз бурганини англатади.

Жорий йилнинг 27 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “яшил” энергетика соҳасидаги йирик қўшма лойиҳаларни ишга туширишга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди ва мамлакатда “яшил” энергетикани ривожлантиришнинг  2030 йилгача стратегик дастури ҳақида гапирар  жуда муҳим қуйидаги мулоҳазаларини билдириб ўтди:

- Биз соҳани ислоҳ этишни, биринчи галда, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг етакчи экспертлари билан маслаҳат қилишдан бошладик.

Бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ва янги қарорларни қабул қилиш орқали энергетика тармоғида бозор тамойилларига асосланган мустаҳкам қонунчилик базасини яратдик. Соҳада маъмурий-буйруқбозлик механизмлари ва монополиядан воз кечиб, замонавий бошқариладиган очиқ ва шаффоф тизимга ўтдик. Хусусий сектор ва хорижий компанияларнинг кириб келиши учун қулай имкониятлар яратдик.

Энергетика вазирлиги, шунингдек, ҳар бир алоҳида йўналиш бўйича масъул ва жавобгар бўлган янги ташкилотлар тузилди.

Илк бор 100 фоиз тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан Кармана ва Нуробод туманларида 2 та қуёш станцияси ишга туширилиб, шу кунга қадар 1 миллиард киловатт соат “яшил” электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Бугун эса мамлакатимиз тарихида яна бир ёрқин саҳифа очадиган муҳим ҳодиса – умумий қуввати икки минг тўрт юз мегаватт бўлган олтита йирик қуёш ҳамда шамол станциялари тармоққа уланмоқда. Жумладан, Ўзбекистоннинг яқин дўсти ва кенг қамровли ҳамкори бўлган Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида учта қуёш электр станциясининг биринчи босқичи барпо этилди.

Бундан ташқари, ушбу нуфузли компания томонидан Томди туманида барпо этилаётган замонавий шамол станциясининг 100 мегаватти ишга туширилмоқда. “Gezhouba” компанияси билан эса Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги қуёш станцияларининг дастлабки 400 мегаваттли генерацияси бошланади.

Энг эътиборли жиҳати – ушбу барча лойиҳалар давлат-хусусий шериклик асосида, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилди.

Умумий қиймати 2 миллиард долларлик бу лойиҳалар ҳисобидан йилига 6 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилиб, икки миллиард куб метр табиий газ тежалади. 2 миллион хонадон узлуксиз ва кафолатли электр энергияси билан таъминланади. Саноат ва хизматлар соҳасида 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратилади.

Бизнинг стратегик шеригимиз ва йирик савдо ҳамкоримиз бўлган Хитой иштирокидаги лойиҳалар илгари тажрибада кузатилмаган жуда қисқа муддатда – 9 ой ичида ишга туширилганини алоҳида мамнуният билан таъкидламоқчиман.

Жаҳонда ишлаб чиқариш занжири ва логистика билан боғлиқ муаммолар қанчалик мураккаб эканига қарамасдан, биз бу борада “Goldwind”, “Sungrow”, “Jolywood”, “Longi” каби компаниялар билан самарали иш олиб бордик.

Биз нима учун “яшил” энергетика ривожига бу қадар катта рағбат ва эътибор қаратяпмиз? Чунки, биз, энг аввало, 2030 йилга бориб саноат ҳажмини икки карра оширишни, металлургия, нефть-кимё ва машинасозлик каби соҳаларни сифат жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтаришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Умумий қиймати 150 миллиард долларлик 500 дан зиёд йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни кўзлаяпмиз. 

Бу улуғвор ниятларимизга эришиш учун бизга кафолатли ва барқарор энергия ресурслари сув билан ҳаводек зарур. Ҳисоб-китобларимизга кўра, келгуси олти йилда мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб ҳозирги 83 миллиарддан 120 миллиард киловатт соатга ўсиши кутилмоқда. Буни, биринчи галда, қайта тикланадиган энергия ҳисобидан қоплаймиз.

Иккинчидан, биз глобал муаммога айланган иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича тинимсиз изланяпмиз. Халқаро саммитларда муҳим таклиф ва ташаббусларни фаол илгари суряпмиз. Яқинда Дубайда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида дунё мамлакатлари “яшил” генерацияни уч баробар оширишга келишиб олди.

Ўзбекистон ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва 2030 йилгача “яшил” энергетика манбаларини 27 гигаваттга етказиш учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттиради.

Учинчидан, мамлакатимизда “яшил” энергетика бўйича ниҳоятда улкан салоҳият мавжуд. Яратганнинг ўзи берган бу буюк имкониятдан унумли фойдаланиб, уни халқимиз манфаатларига йўналтиришимиз зарур.

Соҳани рағбатлантириш мақсадида қуёш панеллари ўрнатишга имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш, ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатли сотиб олиш бўйича “Қуёшли хонадон” тизимини йўлга қўйдик. Шу йилнинг ўзида юртимизда 50 минг хонадон ва тадбиркорлар томонидан қуёш панеллари ўрнатилди. Мамлакатимизда 7 миллиондан ортиқ уй-жойлар борлигини ҳисобга олсак, бу инвесторлар учун катта бозор яратишини алоҳида қайд этмоқчиман.

Тўртинчидан, ҳозирги кунда глобал миқёсда “яшил” энергиядан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга алоҳида устунлик берилмоқда. “Яшил энергия” сертификати кенг жорий қилинмоқда.

Ўзбекистон келгусида аниқ режа ва қатъий саъй-ҳаракатлар орқали “яшил” энергияни Осиё ва Европа мамлакатлари бозорига ҳам етказиб бериш бўйича дастлабки қадамларни ташлаяпти.

Шу ўринда давлат раҳбари юқаридаги лойиҳаларни бажарган ва иштирок этган ҳамкор давлатлар ва кампанияларга халқимиз номидан ўз миннатдорчилигини билдирди. Шу билан бирга хорижий ҳамкорларни “яшил” энергетика соҳасидаги бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришда маҳаллий корхоналар билан яқин кооперация алоқаларини янада кучайтиришга чақирди.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузалари якунида  мазкур чора-тадбирларни изчил давом эттириб, рақобатли бозор механизмларига босқичма-босқич олиб бориш, хусусан, бу йўлда яқинда энергетика бозори регуляторини ташкил этиш бўйича муҳим қарорни қабул қилинганлигини, ҳозир юртимизда 9 гигаваттли 22 та қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳалари устида жадал иш олиб борилаётганлигини, шу билан бирга, янги генерация қувватларини етказиш учун инфратузилмани янада яхшилашга алоҳида урғу берилажагини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

 Умуман олганда мамлакатдааҳоли сони ва даромадлари кўпаймоқда. Бундай шароитда, турган гапки, энергетика ресурсларига бўлган талаб ҳам ортади. “Яшил иқтисодиёт” нинг муҳим компоненти қайта тикланадиган энергия манбаларини яратиш ва фойдаланиш ҳисобланади. Бу жиҳатдан Ўзбекистоннинг салоҳияти анча юқори. Халқаро молиявий институтларнинг ҳисоб-китобига қараганда, республикада муқобил энергия (айниқса, қуёш энергияси) нинг йиллик захираси 270 миллион тонна шартли ёқилғи эквивалентига тенг. Бу реал эҳтиёжимиздан уч кара кўпни ташкил этади. Боз устига, “яшил энергетика” соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистонда яқин ўн йилда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 3 баробардан зиёдга кўпайтириш имконини беради. Бу иқтисодиётимиз учун мислсиз фойдалидир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мамлакатнинг “яшил” энергетикага жадаллик билан ўтиши авваламбор минтақада Экологик мувозанатни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда аҳолини энергияга бўлган эҳтиёжини таъминлашда муҳим рол ўйнайди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Сенати аъзоси, сенатор А.САНГИНОВ

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси