Мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 1-иловасига асосан 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур ҳамда 2-иловасига асосан 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.
Шунингдек, фармоннинг 2-бандига асосан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланиши, мазкур юридик шахсларнинг ушбу банд иккинчи хатбошисида кўрсатилган ходимлар олдидаги мажбуриятлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳажмида камайтирилиши белгиланди.
Бундан ташқари, хотин-қизларга таълим олишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг илмий салоҳияти ва малакасини тизимли ошириб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:
а) олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан ҳар йили 1,8 триллион сўм ресурс маблағлари йўналтириш;
б) давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида, Давлат бюджетидан ҳар йили камида
200 миллиард сўм молиялаштирилиши ва бунда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги 2022 йил 1 сентябрга қадар давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг давлат олий таълим муассасалари кесимида рўйхатини шакллантириш ҳамда 2022 йил 1 октябрга қадар контракт тўловларини қоплаб бериш чораларини кўриши;
в) хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича — 50 нафар, магистратура таълим дастурлари бўйича — 10 нафар хотин-қизларга ҳар йили “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратиб борилиши ҳамда ушбу бандда назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш учун “Эл-юрт умиди” жамғармасига ҳар йили Давлат бюджетидан камида 6 миллиард сўм ажратилишини таъминлаш;
г) ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг тавсияларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 150 нафардан жами 2 100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаб борилиши;
д) мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили Қўмита тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилиши;
е) давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиб борилиши белгиланмоқда.
Ҳудди шунингдек, хотин-қизларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида:
а) 2022 йилда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилиш;
б) 2022 йил 1 апрелдан бошлаб уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган, шу жумладан, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун ижтимоий уй-жойларни “Халқпарвар” комиссиялари билан келишган ҳолда иккиламчи уй-жой бозоридан сотиб олишга рухсат бериш;
в) уй-жойга муҳтож, жумладан хусусий уй-жой фондида ижара ҳуқуқи асосида истиқомат қилаётган «Аёллар дафтари»га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи, лекин кўпи билан 500 минг сўмгача бўлган қисми «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:
а) боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг:
фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилиниши;
3 ёшгача бўлган фарзандлари учун нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига Давлат бюджетидан субсидиялар белгиланган тартибда ажратилиши;
б) тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларига 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилиши;
в) кечки сменада хотин-қизлар ишлайдиган корхона ва ташкилотлар ўз ҳузурида мактабгача таълим ташкилотини ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши кўрсатиб ўтилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қабул қилинган мазкур фармон мамлакатимизда аёллар ва хотин-қизларга берилаётган катта ва беқиёс эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича
судлов ҳайъати судьяси Ж.Худойбердиев
© Узун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024