Узун тумани ҳокимлиги
Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрдаги 856-сонли Қонуни

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”гиЎРҚ-856-сонли Қонуни мазмун моҳияти ҳақида

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилди.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижаларига кўра суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилди, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди.

Шу билан бирга судларда ишнинг ҳажми кескин ортганлиги ишларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш имкониятининг йўқолишига олиб келиб, бу фуқароларнинг ўринли эътирозлари кўпайишига сабаб бўлди.

Бундан ташқари узил-кесил қарор қабул қилишда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини уч босқичли тизим воситасида текшириш имкониятлари чекланганлиги сабаби мазкур тизимни ўрта бўғиннинг — вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали такомиллаштириш зарурлигидан далолат бермоқда.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу Қонун судьяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ва норозиликларнинг олдини олишга, шунингдек ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилади.

478-модда. Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш турлари

Суд ҳукмларининг, ажримларининг, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги апелляция, кассация ва тафтиш тартибида текширилиши мумкин.

Ишни юқори инстанция суди томонидан кўриш:

1) апелляция тартибида — ушбу Кодекснинг 4972-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларига ва протестларига биноан;

2) кассация тартибида — ушбу Кодекснинг 499-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларига ва протестларига биноан;

3) тафтиш тартибида:

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан — ушбу Кодекснинг 511 ва 512-моддаларида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларига ва протестларига биноан;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан:

жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судларнинг туман (шаҳар) судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари устидан ушбу Кодекснинг 511-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларини ўрганиш натижаларига кўра чиқарилган Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, унинг ўринбосарларининг протестига ёки Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг ажримига биноан;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судлар томонидан биринчи инстанция тариқасида кўрилган ишлар бўйича апелляция ёки кассация тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари устидан ушбу Кодекснинг 511-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларига ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, унинг ўринбосарларининг протестига биноан;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида — Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш тартибида чиқарилган қарорлари устидан ушбу Кодекснинг 511-моддасида кўрсатилган шахсларнинг аризасига (илтимосномасига), судьянинг тақдимномасига, оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра киритилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг протестига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг протестига биноан амалга оширилади.

479-модда. Суд қарорлари устидан шикоят бериш ва протест билдириш ҳуқуқи ҳамда унинг таъминланиши

Ушбу Кодекснинг 4972, 499 ва 511-моддаларида назарда тутилган процесс иштирокчилари биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан белгиланган тартибда апелляция ёки кассация тартибида шикоят беришга ёки протест билдиришга, шунингдек тафтиш тартибида шикоят (илтимоснома) беришга ёхуд протест билдиришга ҳақлидир. Бунда улар ўз важларини тасдиқлаш учун қўшимча материалларни тақдим этиши мумкин.

Апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида шикоят ёки протест тушганлиги тўғрисида суд ушбу шикоят ёки протест кимнинг манфаатларига тааллуқли бўлса, ўша процесс иштирокчиларини уч сутка ичида хабардор қилади ва бир вақтнинг ўзида уларга ушбу ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини почта орқали ёхуд ҳукм, ажрим чиқарган суднинг интернет-ресурси орқали юборади. Бунда тарафларга уларнинг шикоятга, протестга доир эътирозларини ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида бериш ҳуқуқи, эътирозларни тақдим этиш муддати кўрсатилган ҳолда, тушунтирилади. Шикоят, протест юзасидан келиб тушган эътирозлар жиноят иши материалларига қўшиб қўйилади. Процесс иштирокчилари иш билан, шу жумладан қўшимча тақдим этилган материаллар билан танишишга ва судга ўз эътирозларини хабар қилишга ҳақлидир.

Апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида шикоят ёки протест берган шахс, шунингдек шикоят ёки протест кимнинг манфаатларига тааллуқли бўлса, ўша процесс иштирокчилари иш апелляция, кассация ёхуд тафтиш тартибида кўриладиган вақт ва жой тўғрисида суд томонидан хабардор қилинади.

Маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида иштирок этишга ҳақлидир. Мазкур шахслар ишни кассация ёки тафтиш тартибида кўриш чоғида ҳам иштирок этишга ҳақли, бундан жазони ижро этиш муассасасида бўлган ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўтаётган маҳкум мустасно. Жазони ижро этиш муассасасида бўлган ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўтаётган маҳкумнинг кассация ёки тафтиш инстанцияси судининг мажлисида иштирок этиши, шунингдек маҳкумни суд мажлисига олиб келиш зарурлиги тўғрисидаги масала суд томонидан ҳал қилинади. Иш кўриладиган вақт ва жой ҳақида ўз вақтида хабардор қилинган мазкур шахсларнинг узрсиз сабабларга кўра келмаганлиги ишни кўришга монелик қилмайди. Бироқ суд маҳкумни, оқланган шахсни, шунингдек жабрланувчини, фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни ва уларнинг вакилларини тушунтиришлар бериш учун чақириши мумкин.

Маҳкумнинг ёки оқланган шахснинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари ишни тафтиш тартибида кўриш чоғида иштирок этиши шарт.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мазкур қонун одил судловни амалга оширишда муҳим омил сифатида хизмат қилади.

 

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси Ж.Худойбердиев

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси