Мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитини яратиш, хорижий инвесторларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун имкониятларни кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Натижада хорижий сармоядорларнинг мамлакатимизга бўлган қизиқиши ортиб, ҳамкорликдаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар кўлами кенгайиб бормоқда. Бугун ҳар бир ҳудудда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда турли йўналишдаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти йўлга қўйилгани фикримизга далил бўлади.
Узун туманига Россия давлатидан 26 йиллик тажрибага эга бўлган "ХИМПЭК" компанияси вакиллари ташриф буюрди. Компания йирик саноат юклари учун катта ҳажмли полимер қадоқлаш қоплари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Хорижий инвесторлар Узун туманида ҳам ушбу фаолиятни йўлга қўйиш мақсадида тумандаги бизнесга қулай бўлган бир нечта обектларнинг шароити билан танишдилар. Мазкур полимер қадоқлаш қоплари ишлаб чиқариш корхонаси туманимизда ишга туширилса 500га яқин янги иш ўринлари яратилади.
Таъкидлаш жоизки, бу каби лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳолини иш билан таъминлаш имкониятини яратади, янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшади.
© Узун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024