Узун тумани ҳокимлиги
ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯ – БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТИ

Болаларни  ҳуқуқий  ҳимоя  қилиш  учун,  аввало, мустаҳкам  қонуний  асос  яратилган  бўлиши  зарур. Амалдаги қонунчилигимизга кўра, Ўзбекистон Республикаси  Конституцияси,  давлатимиз  томонидан  ратификация  қилинган  «Бола  ҳуқуқлари  тўғрисида»ги Конвенция  ҳамда  унинг  факультатив  протоколлари, «Оила»,  «Фуқаролик»,  «Меҳнат»  ва  «Жиноят»  кодекслари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар юртимизда болалар ҳуқуқини таъминлашдаги асосий қонунлар сифатида хизмат қилиб келмоқда. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам болалар ҳуқуқини янада мустаҳкамлаш бўйича тегишли меъёрлар киритилганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Жумладан,  янги  таҳрирдаги  Конституциянинг 44-моддасига кўра, боланинг соғлиғига, хавфсизлигига,  ахлоқига,  ақлий  ва  жисмоний  ривожланишига хавф солувчи, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи  болалар  меҳнатининг  ҳар  қандай  шакллари тақиқланади.  Шунингдек,  Конституцияда  таълим ташкилотларида  алоҳида  таълим  эҳтиёжларига эга  бўлган  болалар  учун  инклюзив  таълим  ва  тарбия таъминланиши белгиланди. Бу эса ногиронлиги бор болаларга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни яратиш, уларнинг  яккаланиб  қолмаслиги,  жамиятнинг  тўлақонли аъзоси  сифатида  шаклланиши  ва  камол  топиши учун муҳим кафолатдир.

Бундан  ташқари,  Конституциямизда  ота-оналар ва  уларнинг  ўрнини  босувчи  шахслар  ўз  фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар то-монлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги,  давлат  ва  жамият  етим  болаларни ҳамда  ота-онасининг  васийлигидан  маҳрум  бўлган болаларни  боқишни,  тарбиялашни,  уларнинг  таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлаши, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантириши қайд этилган.

Барча болаларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш  мақсадида Конституциянинг  78-моддасида фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний,  ақлий  ва  маданий  жиҳатдан  тўлақонли ривожланиши  учун  энг  яхши  шарт-шароитларни яратиш  давлатнинг  мажбурияти  эканлиги  белгилаб қўйилди. 

Эътиборли  жиҳати  шундаки,  болалар  камолоти  йўлида  керакли  ҳамма  чора-тадбирларни амалга  оширишни  давлат  ўзига  мажбурият  сифатида  юклаяпти.  Демак,  юртимиздаги  ҳар  бир  бола ҳуқуқини таъминлаш давлатимиз зиммасидаги асосий вазифалардан бири бўлиб қолаверади.

Сурхондарё вилоят жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Ж.Худойбердиев

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси