Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ишларини 2025-2026-йилларда амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда расмий статистика соқасида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тизим фаолиятини трансформация қилиш бўйича президент қарори билан тасдиқланган “йўл харитаси”да белгиланган.
Унга кўра, Статистика агентлиги 2024-йилда Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик кўриш ишларини тизимли давом эттиради. Хусусан, аҳолини рўйхатга олишни аҳолининг кенг оммасига тушунтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларида фойдаланиш учун видеоролик, баннер, флаер ва буклетлар тайёрлайди. 2021-йилда ўтказилган синов натижалари ва халқаро экспертлар тавсиялари асосида аҳолини рўйхатга олиш саволномалари шаклларини такомиллаштиради.
Агентлик, шунингдек, халқаро тажриба ва экспертларнинг тавсиялари асосида “Аҳолини рўйхатга олиш” ахборот тизимини такомиллаштиради. SТАТА амалий дастурий пакети лицензиясини харид қилиб, унда рўйхатга олиш натижаларининг чиқувчи жадваллари намуналарини шакллантириши лозим.
Аҳолини рўйхатга олишнинг ўзи 2025-2026- йилларда ўтказилиши, натижалари 2026-2027- йилларда тайёрланиши ва эълон қилиниши режалаштирилган.
Бундан ташқари, агентлик қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишни ташкил этиши белгиланган. 2027-2028- йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларини амалга ошириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилган.
Президентнинг 2019- йил 5- февралдаги фармонига мувофиқ, республикада аҳолини рўйхатга олиш тадбирини 2022- йилда ўтказиш белгиланган эди. 2020- йил 16- мартда “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 2020- йилда бошланган коронавирус пандемияси сабабли ушбу тадбирни ўтказиш 2023- йилга кўчирилганди. Аммо 2023- йилда ҳам Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш яна кечиктирилди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда мустақиллик йилларида мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаганини айтганди.
Узун тумани Статистика бўлими бошлиғи М.Хайруллаев
© Узун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024