Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш – амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг энг асосий йўналиши ҳисобланади. Зеро, тадбиркорлик ривожи – юртимиз ва иқтисодиётимиз тараққиёти гаровидир.
Шу боис ҳам истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида юртимизда иқтисодий-ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларни ислоҳ этиш, эркин тадбиркорлик фаолиятини қарор топтириш борасидаги ислоҳотлар мантиқий изчилликда босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, сўнгги йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари натижасида тадбиркорлик субъэктларини рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартиби жорий этилди, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини фақат солиқ идоралари текшириши мумкинлиги ва тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай санкциялар суд қарорига биноан қўлланилиши белгиланди, шунингдек ҳисобот тақдим этишнинг барча шакллари ва турлари, тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашув ва текширишлар сони кескин қисқартирилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4354-сонли Фармони ҳамда 2011 йил 25 августдаги “Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1604-сонли Қарорларига асосан тижорат банкларида миллий валютада ҳисоб рақами очганлик учун тўлов ундириш бекор қилинди, товарларни экспорт қилишда тўланадиган божхона расмийлаштируви йиғинлари амалдагига қараганда ўртача 2 маротабага, шунингдек, саноат соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга камайтирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–4434-сонли Фармони асосида хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун кенг кўламдаги кафолатлар, имтиёзлар ва афзалликлар тизими яратилди.
Жумладан, ушбу фармонга мувофиқ:
- хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек бир қанча солиқ ва мажбурий ажратмалар тўлашда мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўллашга ҳақлидирлар;
- қиймати 50 миллион АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50 фоиз бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида, ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш буджет маблағлари ҳамда бошқа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилиши кўрсатилган.
Ушбу фармоннинг тадбиркорлик субъэктлари учун энг аҳамиятли жойи шундаки, мазкур Фармонда кўрсатилган имтиёзлар 2012 йилнинг 2-чорагидан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти истисно этилган ҳолда, республиканинг барча минтақаларида жойлаштириладиган хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга ҳам татбиқ этилиши белгиланди.
Сариосиё туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири
А.И.Тошхўжаев
© Узун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025