Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ мамлакат иқтисодиётининг негизини турли шаклдаги мулк ташкил қилади. Мулк мутлоқ дахлсиз ҳисобланади ва давлат томонидан қўриқланади, унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонунга зид деб топилади.
Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 10 бобида ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш жиноятларига таъриф берилиб, ушбу Кодекс 164-169 моддаларини ўз ичига олади.
Жумладан Жиноят кодекси 169-моддаси ўғрилик жиноятини ўз ичига олади. Ўғрилик деганда, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилишдан иборат ғайри ижтимоий хавфли қилмиш тушунилади.
Объектив томонидан талон-тарож қилишнинг шакли сифатидаги ўғрилик ўзгалар мол-мулкини яширинча ўзиники қилиб олиш билан тавсифланади. Талон-тарож қилиш мулкни тасарруф қилувдан ёки мулкни қўриқлаб турган шахсдан, шунингдек бошқалардан яширин содир этилса, яширинча деб аталади.Яширинчалик ўғриликнинг муқаррар белгиси эканлиги жиноят содир этилган жойда ёки унинг яқинида жиноятчидан бўлак бошқа шахснинг бўлмаслигини билдирмайди. Агар ўғрилик содир этаётган шахснинг қилмишини бошқалар кузатиб турган холатларда мазкур ҳаракат ўғрилик бўлмай қолади. Айни пайтда мулк ўғирланишини кўриб турган кишилар мазкур ҳаракатни ўғриликсифатида қабул қилмасликлари хам мумкин. Яъни ўғрилик шундай шахслар кўз ўнгида содир этилиши мумкинки, айбдор мазкур кишиларнинг содир бўлаётган воқеанинг чинакам мохиятига тушуниб етмасликларини билади (масалан, ёши кичиклар ёки руҳий касалликка чалинганлар шулар жумласидандир). Ўғрилик яширинлигининг ҳал қилувчи белгиси айбдор ўз қилмишининг бошқалардан яширин содир этаётганлигига ишончидир, яъни айбдор ўзи ўғрилаган мулкнинг эгаси ва бундай қилмишни кузатиб турганлар уинг қилмишини кўрмайди, деб ўйлайди. Шу боис талон-тарож қилишни яширинча деб топиш лозим, чунки айбдор бошқаларнинг назарига тушганда ҳам яширин ҳаракат қилаётганлигига ишонади.
Ўзбекситон Республикаси ЖК 169-моддаси қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганлик учун:
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўғрилик:
а) жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан (киссавурлик);
б) анча миқдорда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
г) уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб;
д) умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини, табиий газни, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан;
е) умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига электр энергияси, газ ёки сув таъминоти ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари томонидан олдиндан тил бириктириб, тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини, табиий газни, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўғрилик:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ёки ундан фойдаланиб;
в) кўп миқдорда;
г) нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилган бўлса, —
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўғрилик:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаги ота-оналар, қўни-қўшни, маҳалла, мактаб ўқитувчилари ўғил ва қизларимиз нима билан машғул эканига кўпроқ қизиқишмаслиги, фарзанларимизда турли зарарли одат ёки қизиқишлар пайдо бўлишини кузатилмаслиги, беэътибор ва лоқайд муносабатда бўлиш каби ҳолатлар ёшларнижиноятга қўл уришига сабаб бўлмоқда.
Келгусида ўғрилик жиноятини олдини олиш юзасидан жойларда ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, ёшлар ва муқаддам судланган шахслар билан профилактик ишларни олиб бориш, ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш, мазкур тоифадаги жиноят ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқишни йўлга қўйиш лозим бўлади.
Сурхондарё вилоят жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Ж.Худойбердиев
© Узун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025